Арктика музликларининг эриши ортидан хавфли микроблар уйғонади – БМТ
Бу қизиқ
−
09 Январь
3386Иқлим ўзгариши сабабли Арктика ҳудуди тезлик билан исияпти ва музликларнинг эриши оқибатида юз йиллаб муз остида уйқуда бўлган хавфли микроблар юзага чиқмоқда. Ушбу микробларга замонавий одамнинг иммунитети йўқ. Бу ҳақда БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP) ва Халқаро илмий кенгаш томонидан тайёрланган ҳисоботда сўз боради.
Ҳисоботда Арктикада эриб кетаётган абадий музликларнинг оқибатлари, жумладан, хавфли касалликларнинг тарқалиши ва сайёрага етказадиган салбий таъсири ҳақида сўз юритилган.
“Бу микроблар ҳозирча абадий музликда бўлгани сабабли уларнинг қанчалик кенг тарқалиши ёки хавфли эканини айтиш қийин. Аммо хавотирланиш учун асослар бор”, дейди UNEP'нинг бош илмий ходими Андреа Хинвуд.
Қайд этилишича, 2016 йилда Сибирнинг Ямал яриморолидаги фавқулодда иссиқ ёз пайтида Сибир ўлати бактерияси 2500 дан ортиқ буғуларнинг ўлимига сабаб бўлган. Тадқиқотга кўра, бу патоген илгари абадий музлик остида уйқу ҳолатида сақланган бўлса-да, охир-оқибат инсонларга ҳам тарқалиб, 12 ёшли болакайнинг ҳаётига зомин бўлган. Тадқиқотчилар бу ҳодисани келажакдаги хавфли воқеаларнинг огоҳлантирувчи белгиси деб ҳисобламоқда.
“Environmental Sustainability” журналига кўра, Арктика бошқа ҳудудларга нисбатан тўрт баробар тезроқ исимоқда. Бунинг ортидан ҳар йили музликлардан тўрт секстиллион микроб юзага чиқмоқда. Бундан ташқари, абадий музликларда тахминан 1500 гигатонна углерод мавжуд бўлиб, бу атмосферадаги углерод миқдоридан икки баравар кўп. Музликлар эриган сари углерод диоксид ёки метан шаклида атмосферага чиқади ва глобал исишни кучайтиради. Бу эса янада кўпроқ музликларнинг эришига олиб келади.
Хинвуднинг билдиришича, халқаро ҳамжамият глобал исишни келтириб чиқарадиган иссиқхона газларининг чиқарилишини камайтириши керак. Бундан ташқари, мамлакатлар эриётган абадий музликларни кузатиб бориши ва уларда яшаётган микроблар турларини хариталашга сармоя киритиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2022 йилда қабул қилинган резолюцияга мувофиқ 2025 йил “Халқаро музликларни сақлаш йили” деб эълон қилинган эди.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь
Доллар курси пастлади.
14 Январь