“Арқадағ” Туркманистоннинг Марказий Осиёдаги энг яқин шеригини очиқлади

Олам 14545
image
-

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиёда Туркманистоннинг асосий шериги ҳисобланади.

“Икки мамлакат Президентлари Қозоғистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича атрофлича фикр алмашдилар”, дейилади хабарда.

Телефон орқали суҳбат чоғида Тўқаев Қозоғистон икки мамлакат қардош халқлари манфаатлари йўлида Туркманистон билан кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга тайёрлигини эълон қилган.

Президентлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш учун Қозоғистон ва Туркманистоннинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқлаган.

Қозоғистон Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги консультатив учрашувини агар бу борада якдиллик бўлса, Туркманистон пойтахтида ўтказилишини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Гурбангули Бердимуҳамедов Қосим-Жомарт Тўқаевни икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва муҳим келишувларни имзолаш учун Туркманистонга таклиф қилди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 396
Рейтинг: 3
t
×