“Арқадағ”нинг “тойчоғи” итга медаль, эгасига Toyota Camry совға қилди

Олам 16599
image
-

Кеча, 25 апрель куни Туркманистонда Туркман алабайи ва Туркман отининг миллий байрамлари биринчи марта биргаликда нишонланди. Байрам дастури давомида ўтказилган танловда энг кучли алабайга медаль, ит билан келган вакилга Toyota Camry совға қилинди. Бу ҳақда “Туркменистан сегодня” давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ўша куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли, Бош вазирнинг ўринбосари шу билан бирга Ахалтеке отларини тайёрлаш халқаро ассоциацияси ва “Туркман алабайи” Халқаро ассоциацияси президенти ҳисобланган Сердар Бердимуҳамедов Ашхобод шаҳрида “Туркман алабайи” Халқаро ассоциацияси мажмуасини очиб берган.

“Президентнинг ўғли йиғилганларни байрам билан табриклади ҳамда мамлакатнинг барча ит боқувчилари номидан алабайлар шуҳратини оширишга қаратилган шароитлар учун [Туркманистон] Президентига миннатдорлик билдирди”, дейилади хабарда.

Кейин телеконференция режимида Ахал вилоятида карантин маркази, Болқон, Тошҳовуз, Лебоп, Мари вилоятлари ҳамда Ашхободда туркман алабайининг марказлари очилган.

Шундан сўнг, янги мажмуада “Йилнинг жасур туркман алабайи” номли танлов натижалари эълон қилинган. Ижодий танлов ғолибларига Президент номидан совғалар топширилган. Ғолиблардан бири мамлакат Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркман алабайи” номли китоб дизайни учун соврин ютган.

Маълум бўлишича, давлат чегара хизматига тегишли Оқхон лақабли ит энг яхши алабай, деб топилган. Сердар Бердимуҳамедов итнинг бўйнига медаль осиб қўйган ва итни танловга олиб келган вакилга Президентнинг асосий совғаси – Toyota Camry калити ва кураш кубогини топширган.

Байрам муносабати билан мамлакат ит боқувчилари номидан Президент Гурбангули Бердимуҳамедовга Оқбош исмли кучукча совға қилинган.

Аввалроқ Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Сердар Бердимуҳамедовни “Туркманистонда хизмат кўрсатган ит боқувчи” унвони билан тақдирлаганди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 644
Рейтинг: 3
t
×