Арипов ШҲТ мамлакатларига доимий авиапарвозларни тиклашни таклиф қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар – Хитой, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Кирғизистон ва Тожикистон билан доимий парвозларни тикламоқчи. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида маълум қилган. 

Йиғилишда Абдулла Арипов коронавирус пандемияси шароитида туризм ва маданий алмашувни ривожлантириш учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ўртасида парвозларни босқичма-босқич тиклашга чақирган. 

“Сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик ривожланишига янги туртки бериш учун мамлакатларимиз ўртасида авиақатновларнинг босқичма-босқич тикланиши ҳам муҳим саналади. Бу амалий, гуманитар ва сайёҳлик алмашувнинг фаоллаши учун шароит яратади”, дейди Арипов.

Ўзбекистон бош вазирининг сўзларига кўра, бу жараённи коронавирус пандемияси шароитида барча санитария талабларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш зарур.

Шунингдек, Арипов Ўзбекистон ҳар йили ШҲТда раислик қилаётган мамлакат шаҳарларидан бирини ташкилотнинг сайёҳлик ва маданий пойтахти деб эълон қилиш таклифини илгари суришини билдирган. 

Ўзбекистон Ҳукумати раиси мамлакат 2021-2022 йилларда туризм соҳасида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлиги дастурини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тасдиқлашни тезлаштириш тарафдори эканини маълум қилди.

Шунингдек, Самарқандда “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилганини эслатди ва у ШҲТнинг барча мамлакатлари учун туризм соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича мувофиқлаштирувчи олийгоҳ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, онлайн-мажлисда Ҳиндистон вице-президенти Муппаварапу Венкая Найду, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши раиси Ли Кэцян, Қирғизистон Республикаси Бош вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Артём Новиков, Покистон Ислом Республикаси Миллий Ассамблея депутати, парламент котиби Аббос Андлиб, Россия Федерацияси Ҳукумат раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода иштирок этди.


Мақола муаллифи

Теглар

ШҲТ Абдулла Арипов

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг