Аргентина суди Венесуэла Президентини халқаро қидирувга берди
Олам
−
24 Сентябрь
2273Аргентина федерал суди Венесуэла Президенти Николас Мадурони инсон ҳуқуқларини бузганликда айблаб, халқаро қидирувга беришга қарор қилди. Бу ҳақда “Accociated Press” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, кеча, 23 сентябрь куни Аргентина федерал суди инсониятга қарши содир этилган жиноятлар учун Венесуэла Президенти Николас Мадуро ва Ички ишлар вазири Диосдадо Кабеллони зудлик билан ҳибсга олишни буюрди.
Суд қарори прокурор Карлос Сторнеллининг апелляциясига жавоб сифатида қабул қилинган бўлиб, аввалги қарор иккала Венесуэла етакчисига нисбатан шикоятни рад этган.
Федерал суд аъзолари Пабло Бертуззи, Леопольдо Бруглиа ва Мариано Ллоренслар Венесуэла Президенти Николас Мадуро ва Диосдадо Кабеллони ҳибсга олиш ордерлари зудлик билан ижро этилишини ва уларни Аргентина Республикасига экстрадиция қилиш мақсадида Интерпол орқали халқаро ҳибсга олинишини буюрган.
Маълумот учун, 28 июль куни Венесуэлада 51,2 фоиз овоз билан Мадуро ғалаба қозонган президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Тарафдорлари олдида сўзлаган Президент ўзининг муваффақияти тинчлик ва барқарорлик ғалабаси эканини ва бу Венесуэланинг сайлов тизими шаффофлигини кўрсатаётганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррель ЕИ Мадуронинг Венесуэла Президенти этиб қайта сайланишини тан олмаслигини билдирган эди.
LiveБарчаси