Араб шайхлари ПСЖни эпақага келтиргунча қанча пул “тўкиб-сочгани” маълум бўлди

Спорт

image

Франциянинг ПСЖ клуби 2000-йиллардан 2022 йилгача янги футболчиларни трансфер қилиш учун 1,83 миллиард евро сарфлаган. Бу ҳақда “Goal” нашри ёзмоқда.

“Qatar Sports Investments” 2011-2012 йилнинг март ойидан Париж Сен-Жермен клубнинг янги ва ягона эгаси айланди. Қатарликлар француз клубининг ягона соҳиби бўлишдан аввал ҳам “ёввойи” трансфер бозоридаги нархни сезиларли даражада ошириб юборганди.

ПСЖ раҳбарлари ўзларининг Европа Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш бўйича якуний миссияси йўлида сўнгги ўн йил ичида кўплаб катта ва машҳур трансферларга пул сарфлади.

Қатарликлар 2017 йилда Неймар учун 222 миллион евро сарфлаб, жаҳон рекордини ўрнатиб, трансфер бозорини бутунлай ўзгартирганини ҳаммамиз яхши эслаймиз. Ўша пайтларда Неймар учун сарфланган пул футбол учун ҳам ақлбовар қилмас даражада катта пул эди. Бироқ ПСЖнинг эгалари футбол жамоатчилигини ҳайратлантиришдан тўхтамади. 2018 йилда Килиан Мбаппени Париж клубига олиб келиш учун “Монако”нинг ҳисоб рақамига 180 миллион евро ўтказиб берилди. Бу тарихдаги иккинчи энг қиммат трансфер эди. 

ПСЖнинг ХХI асрда амалга оширган трансферлари билан қуйидаги жадвалда танишишингиз мумкин:

Шунингдек, “Goal” “Тransfermarkt” порталининг маълумотларига таяниб ПСЖ тарихидаги энг қиммат 10 та трансферни ҳам эълон қилди.

10. Хавьер Пасторе ПСЖ “Qatar Sports Investments” қўлига ўтганидан сўнг олиб келинган илк катта юлдуз ҳисобланади. Италиянинг “Палермо” клубида ўзини кўрсатган Хавьер учун француз клуби 42 миллион евродан воз кечди. Албатта, бундай рақамлар 2011 йил учун анчайин йирик эди. Аммо Пасторе ўзига сарфланган пулни тўлиқлигича оқлади дейиш мумкин. Ҳар ҳолда, аргентиналик ярим ҳимоячи ПСЖ сафида 7 йил ўйнаб, 186 та ўйинда майдонга тушган ва 29 та гол урган. Ҳозирда Пасторе Испаниянинг “Эльче” клубида тўп тепмоқда.

9. Тьяго Силванинг “Милан”ни ПСЖга алмаштириши можароларга бой бўлган. 2012 йилда Силванинг ПСЖга ўтиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалади. Бироқ “Милан” расмийлари ушбу хабарларни кескин рад этади. Италиянинг гранд клубининг ўша пайтлардаги хўжайини Сильвио Берлускони Тьяго Силвадан жамоада қолишини талаб қилади. Франция клубига ўтишидан 12 кун аввал Тьяго “Милан” билан 2017 йилгача мўлжалланган шартнома имзолайди. Бироқ барибир бразилиялик футболчи ПСЖ сафига ўтди. “Милан” эса ҳимоячиси учун қатарликлардан 42 миллион евро олди.

8. 2021 йилда ПСЖ “Спортинг”дан Нуну Мендешни ижарага олди. 2022 йилнинг ёзида эса Париж клуби Мендешни 48 миллион еврога тўлақонли сотиб олди. Нуну эндигина 20 ёшга тўлганини инобатга олсак, уни ПСЖда ёрқин истиқбол кутиб турган бўлиши мумкин.

7. Париж Сен-Жермен 2014 йилда “Челси”да Давид Луисни 49,50 миллион евро эвазига сотиб олди. Натижада, Давид футбол тарихидаги энг қимматга сотилган ҳимоячига айланди. ПСЖда икки мавсум ўйнаб, барча маҳаллий совринларни ютган Луис “Челси”га қайтди. Айни дамда Давид Луис Бразилиянинг “Фламенго” клубида жавлон урмоқда.

6. Мауро Икарди 2019 йилда “Интер”ни ПСЖ билан алмаштирди. Дастлаб, Париж клуби Маурони 70 миллион еврога сотиб олиш шарти билан ижарага олди. Ўша йили парижликлар Европа Чемпионлар лигасининг финалига қадар етиб боришди. Ҳал қилувчи ўйинда захирада қолдирилганига қарамай, Икарди ЕЧЛда ПСЖнинг иккинчи рақамли тўпурарига айланди. Ундан олдинда фақатгина Мбаппе бор эди, холос. 2020 йилда ПСЖ “Интер” билан Икардини бутунлай сотиб олиш масаласини муҳокама қилди. Натижада, аргентиналик ҳужумчи 50 миллион евро эвазига Париж клубининг футболчисига айланди. Бироқ Икарди қанчалик уринмасин Францияда ўзини кўрсата олмади. У ўтган ёзда ПСЖни тарк этиб, “Галатасарой” сафига бориб қўшилди.

5. Анхел Ди Мария 2014 йилнинг ёзида “Реал Мадрид”дан “Манчестер Юнайтед”га ўтди. Бироқ Ди Мария “қизил иблислар” сафида ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олмади. Шунинг учун “Юнайтед” раҳбарияти Анхелни ПСЖга 63 миллион еврога сотиб юборди. Ди Мария ва ПСЖ бир-бирига “узукка кўз қўйгандек” мос тушди. Аргентиналик вингер ПСЖда ўтказган 7 мавсумида 295 та ўйинда иштирок этиб, 92 та гол урган ва 112 та голли узатма амалга оширган. 2022 йилнинг ёзида Ди Мария ПСЖни эркин агент сифатида тарк этиб, “Ювентус” билан шартнома имзолади.

4. Еврофутболга “Наполи” орқали ёриб кирган Эдинсон Кавани 2013 йилда 64,50 миллион евро эвазига ПСЖ сафига қўшилди. Ўша пайларда бу дунёнинг энг қиммат 6-рақамли трансфер бўлганди. Кавани ПСЖ таркибида барча маҳаллий совринларни бир неча маротаба ютди. Париж клубида Мбаппе ва Неймарнинг эраси бошлангач, Кавани захирага михланди. Уругвайлик ҳужумчи 2020 йилда “Манчестер Юнайтед” сафига бориб қўшилди. Кавани ПСЖ тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири ҳисобланади. Унинг ҳисобида 157 та гол мавжуд. Ҳозирда Эдинсон Испаниянинг “Валенсия” клубида тўп тепмоқда.

3. ПСЖ 2021 йил Ашраф Ҳакимини 66,50 миллион евро эвазига “Интер”дан сотиб олди. Кўп ўтмай, марокашлик ҳимоячи Франциядаги шароитга мослашиб, ПСЖ асосий таркибининг ажралмас қисмига айланди. Ҳакими “Труа”га қарши дебют ўйиндаёқ гол урган эди.

2. Килиан Мбаппе 2016-2017 йилги мавсумда “Монако”нинг Франция чемпионига айланишга ёрдам берди. Килиан Мбаппе тез орада Евро футбол саҳнасида катта феноменга айланди. Унга дунёнинг энг яхши клублари қизиқиш билдиришди. Охир-оқибат ПСЖ ҳужумчини қўлга киритиш имкониятидан фойдаланди. Дастлаб ПСЖ 2017 йилнинг августида Килианни ижарага олди. Мбаппе Франциянинг гранд жамоаси таркибида 1 мавсум ажойиб ўйин намойиш қилди. 2018 йилда Париж клуби 180 миллион евро эвазига Мбаппени сотиб олганини эълон қилди. Бу уни футбол тарихидаги иккинчи энг қиммат трансферга айлантирди. Мбаппе пойтахтга кўчиб ўтганидан бери ПСЖ учун барча мусобақаларда 200 га яқин гол урди.

1. Неймар 2017 йилда 222 миллион евролик товон пули эвазига “Барселона”дан ПСЖга кўчиб ўтди. Бу футбол тарихидаги энг қиммат трансферга айланди. Неймар ПСЖ билан Франциядаги барча совринларни ютди. Бироқ Париж клуби бразилиялик футболчини ЕЧЛда зафар қучиш учун олиб келганди. Неймар келгани билан орзу орзулигича қолди. 2017 йилдан бери Неймар Жуниор ПСЖ учун 100 дан ортиқ гол урди.

Ушу рўйхатда Лионель Месси йўқ. Негаки, ПСЖ Мессини эркин агент сифатида олиб келган. ПСЖ Европа Чемпионлар лигасида ғалаба қозона олмаяпти. Эртами-кечми қатарликларнинг бу орзуси ҳам амалга ошар. Лекин бир нарса борки, буни ҳеч қачон ёддан чиқариб бўлмайди. Футбол тарихидаги энг зўрларидан бири бўлмиш Месси ҳақида гапирилганида, ПСЖ ҳам эсланади. Бу эса бор-йўғи икки декада олдин камтарингина бўлган жамоа учун сезиларли ютуқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Лионель Месси Килиан Мбаппе Неймар Эдинсон Кавани Анхел Ди Мария

Баҳолаганлар

196

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made