Араб давлатлари Сурияни тиклашда бирлашмоқчи. Бунинг қанчалик имкони бор?
Олам
−
02 Май 2023
6129Кеча, 1 май куни Иордания пойтахти Амманда Миср, Ироқ, Саудия Арабистони, Иордания ва Сурия Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда муҳокама қилинган асосий мавзу Суриядаги инқироз ва уни сиёсий йўл билан ҳал қилиш масаласи бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Йиғилишда қатнашган Ироқ Ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн ҳозирда Сурия олдида давлатни тиклаш вазифаси тургани, бунинг учун эса унга араб давлатларининг кўмаги зарурлигини айтган.
Шунингдек, вазирлар Сурия инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилишда Араб давлатлари лигасининг ёрдам кўрсатишини назарда тутувчи йўл харитаси бўйича келишиб олган.
“Аммандаги учрашув Суриядаги 12 йиллик можародан сўнг янги босқичга йўл очади. Араблар сиёсий ечимда етакчиликни ўз қўлларига олишмоқда, улар иқтисодий блокадага барҳам бериш ва қочқинларни ўз ватанларига қайтаришга интилади”, деган Иордания Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадий йиғилиш якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.
Ал-Сафадий Аммандаги музокаралар ижобий муҳитда ўтганини, уларнинг мақсади Суриянинг Араб давлатлари лигасига аъзолигини тиклаш учун шароит яратиш эканини таъкидлаган.
“Бироқ Сурияни араблараро ҳамжамият сафига қайтариш ва унинг навбатдаги саммитда иштирок этиш тўғрисидаги қарори Араб Лигасига аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилиниши керак. Бизда иллюзия йўқ ва биз тезда натижага эришиш мумкин эмаслигини тушунамиз. Шунинг учун биз босқичма-босқич тактикага амал қиламиз ва келишув жараёнини ҳаракатга келтириш учун эксперт гуруҳини тузамиз”, дейди йиғилишга мезбонлик қилган давлат вакили.
Маълумот учун, Дамашқнинг Араб Лигасидаги аъзолиги 2011 йилнинг ноябрида қуролли можарога айланган ички инқироз авжида тўхтатилган. Шу кунгача Сурия пойтахтидаги аксарият араб элчихоналари ўз ишини тиклаган.
Бундан ташқари, Сурия, Иордания ва Ироқ наркотик моддалар савдосига қарши биргаликда курашиш бўйича келишувга эришган. Давлатлар орасида гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва олиб ўтиш манбаларини аниқлаш учун сиёсий ва хавфсизлик масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузиладиган бўлган.
Шунингдек, Араб давлатлари Сурия инқирозининг сиёсий ечими у ерда ноқонуний бўлган барча хорижий кучларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига олиб келишига ишонч билдирган.
Учрашувда Сурияда миллий келишувга эришишни таъминлаш учун чақирилган Сурия конституциявий қўмитасининг ишини қайта бошлаш ҳам кўриб чиқилган.
Таъкидлаш жоизки, 2018 йил 31 январда Сочида Сурия Миллий мулоқот конгресси томонидан қабул қилинган резолюцияга мувофиқ тузилган Сурия Конституциявий қўмитаси 150 кишидан (Дамашқ ҳукумати, мухолифат ва фуқаролик жамиятининг ҳар бири 50 делегат) иборат. Кичик қўмита гуруҳи 45 кишидан иборат (учта сегментнинг ҳар биридан 15 делегат). Сурия Конституциявий қўмитаси республиканинг асосий қонунига ўзгартиришлар киритиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга чақирилади, шундан сўнг Сурияда БМТ шафелигида умумий сайловлар ўтказилади.
Сурия ҳукумати, мухолифати ва фуқаролик жамияти делегацияларининг учрашуви февраль ойи бошида режалаштирилган эди. Бироқ 6 февраль куни Сурия шимолида содир бўлган даҳшатли зилзила туфайли қолдирилган.
Аммо шу зилзиладан сўнг араб давлатларининг аксарияти Дамашққа яқинлашиб, Сурияга самарали гуманитар ёрдам кўрсатган. Жорий йилнинг 18 апрель куни Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон аль Сауд Сурия пойтахтида Президент Башар ал-Ассад билан музокаралар ўтказган. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири йиғилишда “Суриянинг минтақадаги роли аввалгидан кўра муҳимроқ бўлиши керак”, деган.