Араб давлатлари ҲАМАСни Ғазода ҳокимятдан кетишга чақирди
Олам
−
30 Июль 2025 4465 2 дақиқа
Миср, Қатар, Саудия Арабистони ва Иордания ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги ҳукмронлигини тўхтатишга чақирувчи ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда кеча, 29 июль куни ўз қўлидаги ҳужжатга таяниб, DPA хабар берди.
Билдирилишича, ҳужжатни Буюк Британия, Франция, Канада, Бразилия, Италия, Испания, Норвегия ва Ирландия ҳам имзолаган. Журналистларнинг таъкидлашича, Германия янгилик эълон қилинган пайтда ушбу чақириқни қўллаб-қувватлаган давлатлар қаторига кирмаган.
Яқин Шарқдаги можарога барҳам бериш учун аниқ қадамлар қўйишга чақирувчи етти саҳифалик ҳужжатда ҲАМАС анклавдаги ҳукмронлигини тўхтатиб, халқаро кўмак билан қуролларни Фаластин маъмуриятига топшириши кераклиги таъкидланган. Бундан ташқари, ҳужжат Фаластин гуруҳининг 2023 йил 7 октябрда Исроилга уюштирган терактини қоралайди.
Агентликнинг тушунтиришича, Нью-Йоркдаги икки давлат ечими бўйича конференция давомида имзоланган ҳужжат сентябргача БМТ томонидан расман қабул қилиниши керак. Унгача яна бир қанча давлатлар уни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.
Ҳужжатда Исроил томонига ҳам талаблар бор. Хусусан, имзо чекканлар яҳудий давлатидан Ғазо секторидаги жангларни зудлик билан тўхтатишни ва Ғарбий Соҳилдаги яҳудий кўчманчилар фаолиятини тўхтатишни талаб қилмоқда.
Ҳужжатни имзолаган давлатларга кўра, Фаластин давлатининг тан олиниши ҳам “икки давлат қарорининг муҳим ва ажралмас қисмидир”.
Эслатиб ўтамиз, 28 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Франция ва Саудия Арабистони қўшма раислигида Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш ва “Икки давлат ечими”ни амалга ошириш бўйича юқори даражадаги халқаро конференция очилганди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш йиғилишда дунё оғир дамни бошдан кечираётгани ва икки давлатнинг пайдо бўлиши “ҳеч қачон бунчалик узоқ” бўлмаганини қайд этди.
Live
Барчаси