Apple iPhone экранига ўзгартириш киритмоқчи
Технология
−
26 Июль 2023
6629Apple Samsung`даги каби рамкасиз дисплейли iPhone'ни тақдим этишни режалаштирмоқда. Ҳозирда ушбу телефон устида дастлабки ишлар олиб бориляпти. Бу ҳақда “Aroged” нашри маълум қилди.
Компания мос келадиган OLED экранларни ишлаб чиқиш учун Samsung Display ва LG компанияларига мурожаат қилди.
iPhone'ни рамкадан халос этиш учун ишлаб чиқарувчилар юпқа плёнкали инкапсуляция (TFE) ва экран остидаги камера (UPS) технологиялари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиши керак. Бундан ташқари, етказиб берувчилар смартфон антенналарининг жойлашуви учун жой ажратиши шартлиги қайд этилган.
iPhone'нинг ушбу янги авлоди бутунлай текис экранга эга бўлади ва ҳар тўрт томондан рамкаларсиз тўлиқ экран билан тақдим этилади. Apple шунингдек, қурилманинг ички қисмини намлик ва кислороддан ҳимоя қилиш учун нозикроқ органик ва ноорганик плёнкаларни ишлаб чиқишга эътибор қаратмоқда.
Яқинда сотувга чиқариладиган iPhone 15 нинг торроқ рамкаларга эга бўлиши ҳақида маълумотлар бор, аммо бу ерда гап бутунлай рамкасиз экран ҳақида боряпти ва бу жараён янги технологияларни талаб қилади.
Эслатиб ўтамиз, Apple iPhone'лар орқали амалга оширилган савдо учун қўшимча ускуналарсиз тўлов қилиш имкониятини берувчи иловани яратди.
Севара Ҳусниддинова