Апелляциядан сўнг Ўзбекистоннинг олтин медали қайтарилди

Sport

−

image

Японияда ўтказилаётган V Пара Осиё ўйинларида 1500 метрга югуриш баҳсида ғолиб чиққан ўзбекистонлик параатлет Фахриддин Ҳамроев рақибининг шикоятидан кейин дисквалификация қилинди. Бироқ Ўзбекистон делегациясининг апелляциясидан сўнг қарор бекор қилиниб, спортчининг олтин медали қайтарилди. Бу ҳақда ASTIG нашри хабар берди.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси маълумотига кўра, Фахриддин Ҳамроев Аичи-Нагояда ўтказилаётган мусобақада Т13 классида 1500 метрга югуриш баҳсида барча рақибларини ортда қолдириб, маррага биринчи бўлиб етиб келган ва олтин медални қўлга киритган.

Бироқ мусобақадан кейин иорданиялик спортчи ҳакамларга шикоят билан мурожаат қилган. У Ҳамроев ўзини итариб юборгани ва югуришига халақит берганини даъво қилган. Шикоят қаноатлантирилгач, ўзбекистонлик атлетнинг натижаси бекор қилиниб, у дисквалификация қилинган.

Ўзбекистон делегациясининг масъул вакиллари апелляция шикоятини бергандан сўнг Халқаро параатлетика назорат комиссияси мусобақа видеоязувини қайта кўриб чиққан. Текширув натижаларига кўра, Ҳамроев рақибига нисбатан қоидабузарлик содир этмаган деб топилган ва олтин медаль қайтарилган.

Ушбу қарор натижасида Ўзбекистон делегациясининг мусобақанинг учинчи кунида қўлга киритган медаллари сони 33 тадан 34 тага етди.

Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси мусобақада 11 та спорт тури бўйича 149 нафар спортчи билан иштирок этмоқда. Мусобақалар жорий йилнинг 24 октябрга қадар давом этади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends