Ҳақоратли сўз ишлатиш, ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ – Диний қўмита
Жамият
−
12 Март 2019
12272Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда айрим диний масалалар муҳокамаси яна авжига чиққан. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланган Наргиза Раҳимованинг ижтимоий тармоқларда диний мавзудаги ёзишмалари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Орадан кўп ўтмай, кеча, 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита расмий муносабат билан чиқди. Унда шундай дейилади:
“Интернет, ижтимоий тармоқлар биз яшаётган асрни оламшумул ва тасаввурга сиғмайдиган қиёфада намоён этмоқда. Бугунга келиб бир инсоннинг қарашлари жамиятнинг бошқа аъзоларига ва ҳаттоки, бутун жамиятга таъсир этмай қолмаяпти.
Аввало шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон фуқароси (у ким бўлишидан қатъи назар) Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдир.
Диний таълимот ўта нозик ва хассос бўлгани туфайли муайян дин номидан ва унинг моҳияти ҳақида фақатгина мутахассислар муносабат билдиришлари мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Юртимиз ҳудудида диний манбалар, қадриятлар, муқаддас туйғулар ҳурмат қилиниши шарт. Уларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатиш, ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқариши келтириб ўтилган”.
Мазкур расмий муносабатда аниқ бир воқелик ҳақида сўз бормаган. Унда Наргиза Раҳимова номи ҳам тилга олинмаган. Шундай бўлса-да, диний қўмитанинг муносабати ўтган ҳафтанинг охирида одамлар орасида кенг муҳокамаларни келтириб чиқарган мавзуга қаратилганини пайқаш қийин эмас.