Анжелина Жоли Брэд Питтни жисмоний зўравонликда айбламоқда
Маданият-санъат
−
06 Апрель
11122Америкалик дунёга машҳур актриса Анжелина Жоли собиқ эри Брэд Питт устидан янги даъво билан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда суд ҳужжатларига таяниб, “Bazaar” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Жолининг адвокатлари Лос-Анжелес Олий судига тақдим этган ҳужжатларда Брэд Питт актриса ва унинг болаларига жисмоний зўравонлик қилгани ҳақидаги даъво қайд этилган.
Маълум бўлишича, 2016 йилнинг сентябрь ойида Франциядан Лос-Анжелесга қайтиш пайтида Брэд Питт собиқ хотини ва болаларига зўравонлик қилган. “The New York Times”нинг ёзишича, Питт болалардан бирини бўғиб, бошқасини урган, Жолини эса бошидан ушлаб, силкитган. Очиқланишича, бу воқеадан кейин Анжелина ажрашиш учун судга ариза берган.
Адвокатлар Питтнинг Жолига нисбатан тажовузлари бу воқеадан анча олдин бошланган, деб даъво қилмоқда.
“Брэд қилган иши учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, лекин қилмаган ишлари учун эмас", деб муносабат билдирган Питтнинг адвокати мазкур аризага нисбатан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анжелина Жоли ва Брэд Питт ўртасидаги саккиз йилдан бери давом этаётган ажралиш жараёни ўз якунига етиш арафасида экани ва Брэд Питт болаларига васийликдан воз кечгани ҳақида маълум қилинганди.
Райҳона Улканабева