Антарктида музлари тез эрияпти. Сабаб яна одамларми?

Бу қизиқ

image

Антарктида музликларининг эриб бораётгани ва денгиз сатҳининг кўтарилиши барчага маълум. Бироқ олимлар сўнги йилларда Антарктидада сайёҳлар сонининг ошиши туфайли унинг экологиясига катта зарар етаётганини аниқланди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Антарктида сайёҳлик операторлари халқаро ассоциацияси (IAATO) маълумотларига кўра, йиллик ташриф буюрувчилар 1990 йилларда 8000 дан кам бўлган. Ўтган йили эса бу кўрсаткич 124 000 дан ортиқни ташкил қилган. Прогрнозлар шуни кўрсатадики, 2034 йилга бориб сайёҳлар сони 450 000 га етиши мумкин.

“Туризмнинг кучайиши ва тадқиқот базаларининг кенгайиши жанубий қитъани ифлослантирмоқда, қор эришини тезлаштирмоқда ва иқлим ўзгариши хавфи остида қолган нозик экотизимларга таҳдид солмоқда”, деб ёзади “Nature sustainability” журнали.

Қайд этилишича, Чили, Германия ва Нидерландиядан келган тадқиқотчилар Антарктиданинг ифлосланиш даражасини ўлчаш учун тўрт йил сарфлашди. Улар одамлар фаол бўлган ҳудудларда никель, мис ва қўрғошин каби заҳарли металларнинг концентрацияси 40 йил олдингига қараганда 10 баравар юқори эканини аниқлаган.

Бир мавсумда 55 та турагентликлари тахминан 570 га яқин саёҳатни амалга оширган. Уларнинг учдан икки қисми кичикроқ экспедиция кемаларининг йўловчилари бўлган. Бироқ IAATO йўловчиларга қирғоққа қўнишни чеклашдан тортиб, биохавфсизликни текширишга қадар кўрсатма берган бўлса ҳам, Антарктидада саёҳат қилишнинг ўзи муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аввалги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ўртача сайёҳлик сафари ҳар бир йўловчи учун 5,44 тонна CO2 эмиссиясини атмосферага чиқишига олиб келади.

“Антарктидада сайёҳлар тез-тез борадиган ҳудудларда ифлослантирувчи зарралар мавжудлиги сабабли қор тезроқ эрийди. Биргина сайёҳ 100 тоннага яқин қор эришини тезлаштиришга ҳисса қўшиши мумкин”, дейди тадқиқотчи Рауль Кордеро.

Антарктида шартномаси юқоридаги муаммоларни олдини олиш учун оғир мазут каби ифлослантирувчи моддалардан фойдаланишни тақиқлайди. Шунинг учун кўпгина сайёҳлик компаниялари гибрид электр кемаларини жорий қилишни бошлади. 

Олимлар бу каби чоралар етарли эмаслигини айтади. Қайта тикланадиган энергияга  ўтиш, ҳамда қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни қисқартириш фақатгина муаммонинг бирламчи ечими бўлиши мумкин.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Барселона университети ва Корк университет коллежининг халқаро олимлар жамоаси Антарктида музлари остида 332 та улкан сувости каньонларини аниқлаган эди.

Маликабону Муҳаммедова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Антарктида музликлар IAATO

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг