Анқарада кучли бўрон масжид минорасини қулатди (фото+видео)
Олам
−
18 Май 2023
9699Кеча, 17 май куни Туркиянинг Анқара шаҳрида тезлиги соатига 45 километрга етадиган бўрон содир бўлди. Бу ҳақда “Hurriyet” нашри хабар берди.
Таъкидланишича, кучли ёмғир ва бўрон оқибатида дарахтлар синиб тушган, биноларнинг ташқи қопламалари ва айвонда турган буюмлар учиб кетган. Чанкая туманидаги марказий масжиднинг минораси ҳам вайрон бўлган. Минора қулаб тушиши оқибатида бир киши жароҳатланган. Кўплаб автомашиналарга шикаст етган. Этимесгут туманидаги савдо марказининг томи бутунлай учиб кетган. Кучли шамолдан кейин шаҳарда ёмғир ёғган. Оқибатда кўчаларда сув кўлмаклари ҳосил бўлди.
Умит туманида табиий офат жараёнида 35 қаватли уйнинг балконидан уч кишилик ўриндиқнинг учиб кетаётгани йўловчи томонидан видеога муҳрланган.
“Анқарада кучли ёмғир бошланди. Барча тегишли гуруҳларимиз ҳушёр ҳолатда турибди. 1221 та машина ва 2565 нафар ходим билан ёмғирнинг салбий оқибатларини бартараф эта оламиз”, дейди Анқара шаҳар ҳокими Мансур Яваш.
Шунингдек, Анқара ҳокимлиги ёмғир ва шамол туфайли юзага келиши мумкин бўлган салбий таъсирлардан огоҳлантирган. Баёнотда Наллиҳан, Бейпазари, Гудул, Қизилжаҳамам, Чамлидере, Чубук, Калежик туманларида кучли ёмғир, момақалдироқ ҳамда тўсатдан сув тошқини бўлиши кутилаётгани айтилиб, улардан эҳтиёт бўлиш сўралган.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси