Анқарада Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди
Жамият
−
03 Сентябрь
2662Жорий йилнинг 30 август куни Туркияда бўлиб ўтган Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги тадбирлари доирасида Анқара шаҳри Кечиўрен туманида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги, TÜRKSOY ташкилоти, Анқара шаҳри ва туманлари ҳокимликлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, навоийшунос ва тилшунос олимлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
“Анқарада буюк аждодимизнинг улуғвор ҳайкалининг очилиши нафақат бизлар учун, балки Туркиядаги барча биродарларимиз, ҳаттоки бутун туркий дунёдаги қардошларимиз учун катта шараф эканига чин дилдан ишонаман”, дейди элчи Алишер Аъзамхўжаев.
Маълумот учун, ҳозирга қадар Навоий ҳайкали Москва, Душанбе, Остона, Токио, Минск, Шанхай, Сеул ва Баку шаҳарларида ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Остона шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалини очиб берганди. Қосим-Жомарт Тўқаев буни “қозоқ халқининг ўзбек халқига бўлган алоҳида ҳурмати рамзи” деб атаган.