Бош вазир ўринбосари Умурзоқов Туркияга борди

Олам

image

Туркия кенг жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси билан таништириш мақсадида Анқара ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштириляпти. Бу ҳақда кеча, 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушоғлу ўртасида учрашувда айтиб ўтилди.

Алоқалари тобора ривожланиб бораётган икки давлат расмийлари коронавирус пандемиясининг иқтисодиётнинг турли осҳаларига кўрсатаётган таъсири камайтириш масалаларини муҳокама қилди. Ўзбекистон томони Туркиянинг COVID-19 пандемияси тарқалишига қарши кураш стратегиясининг юқори самарадорлигини таъкидлади.

Туркия томонига шунингдек, пандемияга қарши курашда бир неча бор кўрсатган ёрдами, хусусан, Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги кўмагида Ўзбекистонга 30 мингта ҳимоя костюмлари ва 50та ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари юборилганлиги, шунингдек, Анқара мерияси томонидан Тошкент шаҳар ҳокимиятига тақдим этилган 250 минг ниқоб ва 5 мингта дезинфекция воситаси учун миннатдорчилик билдирилди.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари юқори даражада бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Туркия” стратегик ҳамкорлик Кенгашининг биринчи йиғилиши мамлакатлараро ҳамкорликнинг ривожланишида бошланган янги босқич экани таъкидланди. Шунингдек, яқин вақтларда Стратегик режалаштириш гуруҳининг 2-чи йиғилишини ва икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказиш муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон томони Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги томонидан сўнгги уч йил давомида 147 та лойиҳани амалга ошириш доирасида кўрсатилган техник ёрдамни юқори баҳолади.

Маданий-гуманитар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди - Туркия кенг жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси билан таништириш мақсадида Анқара ва Истанбул шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Туркия томонига ташриф давомида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган юқори даражадаги меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирилди. Учрашув давомида белгиланган йўналишлар доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Туркия

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг