Ангрендаги ЙТҲда 7 киши ҳалок бўлди (видео)
3-саҳифа
−
07 Сентябрь 27827 1 дақиқа
Бугун, 7 сентябрь куни соат 12:20 ларда Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтган А-373 “Тошкент-Ўш” халқаро автомобиль йўлида бир нечта транспорт воситалари иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлганди. Ушбу ЙТҲ оқибатида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 1981 йилдан туғилган фуқаро А.Р. бошқарувидаги цемент ташувчи Shacman русумли юк автотранспорти (Транспорт воситаси 2020 йилда ишлаб чиқарилган, ҳайдовчи 15 йиллик стажга эга) бошқарувни йўқотиб, ҳаракат йўналишидаги темирйўл кесишмасида тўхтаб турган иккита юк автомашинаси ҳамда бешта енгил автотранспорт воситалари билан тўқнашиб йўл транспорт ҳодисасини содир этган. Тўқнашув вақтида келиб чиққан ёнғин, воқеа жойига етиб келган махсус куч ва воситалари ёрдамида тезкорлик билан ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида 7 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, 5 киши турли тан жароҳатлари олган ва тиббиёт муассасаларига ётқизилган, шунингдек, 4 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган.
Билдирилишича, ҳозирда вазиятни тўлиқ ўрганиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган шарт-шароитларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли давлат органларининг мутахассисларидан иборат Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.
Live
Барчаси