Ангренда кўмир ортилган поезд вагонлари ағдарилиб кетди (видео)
Жамият
−
19 Декабрь 2021
17646Бугун, 19 декабрь куни соат 05:03да Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида кўмир ортилган юк поезди ағдарилиб кетди. Ҳодиса “Ангрен кўмир кони” ҳудудида содир бўлган.
ФВВ хабарига кўра, Ангрен шаҳридан 19 км шарқий йўналишда жойлашган “Ўзбеккўмир” АЖга қарашли “Ангрен кўмир кони”нинг (разрез) ҳудудидаги темир йўлда 010-сонли локомотив состав электровознинг сиқилган ҳавосиз қолиши оқибатида, бошқарувсиз ҳаракатланган ва 1-йўлда ҳаракатланиб кетаётган 017-сонли локомотив составига урилган. Натижада жами 33 та юк вагонидан 20 та вагон (010-сонли локомотив составидан 14 та кўмир ортилган юк вагон ва 017-сонли локомотив составидан 6 та бўш юк вагони) темир йўли изидан чиқиб, ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида 010-сонли локомотив состави машинисти ва унинг ёрдамчиси енгил тан жароҳати олган. Улар “Темир йўл транспорти” филиали ҳуддудидаги Тиббий ёрдам пунктига олиб борилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган ва Ангрен шаҳар шифохонасига юборилган.
Мазкур ҳолат оқибатларини баратараф этиш мақсадида воқеа жойига “Ўзбеккўмир” АЖ тасарруфидаги “Темир йўл транспорт” филиалидан 2 та юк крани, 2 та погрузчик ва 50 нафар ишчи-ходимлар жалб этилган. Бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
Содир бўлган холат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.