Ангрен ва Хоразмдаги шакар заводлари фаолиятини тиклашга тайёрланяпти

Жамият 4681
image

Аввалроқ, фаолиятини тўхтатган Ангрен ва Хоразмдаги шакар заводларида оммавий равишда ходимларни ишдан бўшатилаётганлиги тўғрисидаги хабар берган эдик.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ушбу ҳолат бўйича ўрганиш ўтказган. Маълум бўлишича, “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” маъсулияти чекланган жамиятларида ишчи ходимлар жамият ташаббуси билан оммавий равишда ишдан бўшатилмаган.

Вазирликнинг маълум қилишича, коронавирус пандемияси сабабли иш фаолиятини вақтинчалик тўхтатган “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” маъсулияти чекланган жамиятлари ҳозирги кунда қайта иш бошлаш чораларини кўряпти.

Хусусан, “Хоразм шакар” маъсулияти чекланган жамиятида 1081 нафар ишчи билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 418 нафар ишчи ходимлар корхона ўз иш фаолиятини қайта тиклагунга қадар таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келаётганлиги, фақатгина ўз хохишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраб мурожаат қилган ходимлар ишдан бўшатилганлиги маълум бўлган.

“Ангрен шакар” маъсулияти чекланган жамиятида эса ҳозирги кунда 550 нафар ходим бўлиб, 2020 йилнинг июнь ойидан октябрь ойига қадар жами 170 нафар ходим билан тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномалари бекор қилинган. Шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ барча ҳаражатлар ўз вақтида тўлаб берилган.

Карантин чекловлари ўрнатилганлиги корхонанинг шакар олди-сотдисига жиддий зарар етказганлиги сабабли жамият фаолиятини 2020 йил июнь ойида тўхтатилиши муносабати билан корхона ходимларининг хоҳишига биноан меҳнат таътиллари ва ўз ҳисобидан таътиллар берилган. Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойлари учун эса ходимларга ўртача ойлик иш ҳақи тўлаб берилган.

“Меҳнат кодексининг 102-моддасида иш берувчи, камида 2 ой олдин ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнат ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда, бўлажак ишдан озод қилиш тўғрисидаги маълумотларни маҳаллий меҳнат органига ҳам маълум қилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман бандликка кўмаклашиш марказларига “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” маъсулияти чекланган жамияти ишчилари оммавий равишда ишдан бўшатилаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилмаган”, дейилади вазирлик хабарида.

Ўрганиш натижаларига кўра, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳолатларни олдини олиш мақсадида “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” маъсулияти чекланган жамияти ишчиларига меҳнат таътилларини ва иш ҳақларини меҳнат қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда ва ўз вақтида бериш, ходимларни ишдан бўшатишда Меҳнат кодекси талабларига қатъий риоя қилиш бўйича ёзма кўрсатмалар берилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 64
Рейтинг: 3
t
×