Англиядаги ўзбек феномени: Муҳаммадали Ўринбоев қачон АПЛда ўйнайди?
Спорт
−
31 Май
9228Жорий йил январь ойи охирида Тошкентнинг “Пахтакор” клуби аъзоси Муҳаммадали Ўринбоев Англиянинг “Брентфорд” клубига кўчиб ўтди. Бу трансфер ўзбек футболи тарихида ўзига хос аҳамиятга эга, чунки шу вақтга қадар ҳеч бир ўзбекистонлик футболчи инглиз клубида тўп тепмаган.
19 ёшли Ўринбоев Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ва “Пахтакор” клубидаги ишончли ўйинларидан сўнг “Брентфорд” мутасаддилари эътиборига тушди ва мазкур клуб Муҳаммадалини ўз сафига қўшиб олишга қарор қилди.
Ҳозирда “Брентфорд Б” жамоасида тўп тепаётган Ўринбоев асосий жамоага ўтиш ва Англия Премьер-лигасида ўйнаш учун бор салоҳиятини ишга солаётгани бор гап. Ўзбекистонлик футболчи охирги пайтларда ўринбосарлар жамоасида ўз ўрнини топа олди ва жамоасининг ажралмас футболчиларидан бирига айланиб улгурди.
QALAMPIR.UZ ёш футболчининг Англиядаги ҳаёти ва келгуси фаолияти билан боғлиқ бир қатор жиҳатларга қизиқди.
“Ҳозир айнан шу масала бўйича бош қотиряпмиз. Насиб этса, яқин йилларда асосий жамоада дебют қиламан. Кейинги мавсумларда секин-секин АПЛ ўйинларида ўзимни кўрсатиш ниятим бор. Ўзбекистон халқини хурсанд қилиш асосий мақсадим”, дейди Ўринбоев.
Шунингдек, Муҳаммадали Англияга мослашуви ва жамоадошлари билан муносабатлари ҳақида сўзлаб берди.
“Бошида озроқ қийналдим, бироз вақт ўтгач ҳаммаси жойига тушди. Жамоадагилар мени яхши қабул қилди. Бундан жуда хурсанд бўлдим”, дейди Ўринбоев.
Маълумот учун, Муҳаммадали Ўринбоев Тошкентнинг “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 200 минг евро эвазига “Брентфорд”га ижарага берилган. Ижара муддати якунлангач, инглиз клуби Ўринбоевни тўлиқ трансфер қилиш ваколатига эга.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь