Англияда VAR қоидалари ўзгариши мумкин
Спорт
−
03 Март 679 2 дақиқа
Англия футбол ассоциацияси (FA) мураббийларга миллий лигалардаги баҳсли ҳакамлик қарорларига эътироз билдириш имконини берувчи тизимни синовдан ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри хабар берди.
Манбага кўра, FA АҚШ миллий баскетбол ассоциацияси (NBA) ва миллий хоккей лигаси (NFL)да қўлланиладиган тизимга ўхшаш “челленж” усулини жорий этмоқчи.
Режага кўра, мураббийларга баҳсли вазиятни видео орқали кўриб чиқишни сўраш учун икки мартагача имконият берилади. Агар ҳакамнинг дастлабки қарори такрорий кўришдан сўнг ўзгармаса, мураббий битта имкониятдан маҳрум бўлади.
Мураббийлар қоидабузарликлар ёки қўл билан ўйнаш каби субъектив эпизодлар бўйича сўров билдиришлари мумкин бўлади. VAR эса фақат офсайд каби объектив қарорлар учун ишлатилади.
“Сўров”ни бошлаш учун мураббий тўртинчи ҳакамга сигнал беради. Шундан сўнг VAR баҳсли вазиятни кўриб чиқиб, хулосасини бош ҳакамга етказади. FA ҳозирча ушбу тажриба қайси лига даражасида ва қачон бошланишини маълум қилмаган. Режани амалга ошириш тўлиқ VAR инфратузилмасини талаб қилгани сабабли, уни қуйи лигаларда жорий этиш қийин бўлиши мумкин.
Маълумот учун, VAR тизими Англия Премьер-лигасида 2019-2020 йилги мавсумдан бошлаб қўлланила бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АПЛ 2026-2027 йилги мавсумдан бошлаб вақтни беҳуда сарфлашга қарши FIFA’нинг янги қоидалари кучга киритмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилганди.