Англияда мусулмон аёл футболчи шорти киймагани учун майдонга қўйилмади
Спорт
−
31 Октябрь
4592Сомалилик футболчи, Англия аёллар лигасининг “Юнайтед Драгонс” клуби аъзоси Иқра Исмоил диний сабабларга кўра, жамоасининг дебют ўйинида майдонга тушмади. Бу ҳақда “Al-Jazeera” хабар берди.
Манбага кўра, 24 ёшли Иқра шорти кийиб, майдонга тушмагани учун ҳакам томонидан ўйинга қўйилмаган.
“Мен ҳакамдан “Сиз менинг диний эътиқодим ва шорти кия олмаслигим учун ўйнашим мумкин эмас, деяпсизми?” деб сўрадим. У “Ҳа” деб жавоб берди. Бундан хафа бўлдим ва ғазабланганимдан йиғлай бошладим. Кўз ёшимни кўргач, ҳакам вазиятнинг жиддийлигини англади. Менинг кийинишимга мухлис эмас, лига ва ҳакам эътироз билдирди. Булар расмий лавозимларни эгаллаб, ўйин жараёнига бевосита таъсир кўрсатадиган одамлар. Агар бу каби одамлар маданий ва диний тафовутлар ҳақида тўғри билимга эга бўлмаса ва одамларнинг ўйинда иштирок этишига йўл қўймаса, демак, мен келажакка умидимиз катта эмаслигига ишончим комил”, дейди футболчи.
Шунингдек, у бўлиб ўтган ҳолат сабаб кўплаб мусулмон қизлар футбол ўйнаш фикридан воз кечишини билдирди.
“Мен билан содир бўлган вазият туфайли кўп аёллар лигада умуман ўйнамайди – уларга аввалроқ клублар, лига ва ҳакамлар ўйнай олмаслигини айтган. Мен жуда қайсарман. Кўпчилик айнан шу сабабдан футболга меҳр қўймаган. Футболда одамлар ўзларига ҳаракат қилиш эркинлигини берадиган жуда кўп қоидалар мавжуд. Мисол учун, агар сиз формангиз остида узун енгли топ кийсангиз, у формангиз билан бир хил рангда бўлиши керак, аммо бу қоидага ҳамма амал қилмайди. Мен буни ҳакамга кўрсатдим. Аммо бундай жиддий сабабга эга бўлган нарса ҳақида гап кетганда, ҳеч қандай эркинлик берилмайди”, дейди Иқра Исмоил.
Бўлиб ўтган воқеадан сўнг 29 октябрь куни аёллар лигаси (GLWLF) ўйинчини қўллаб-қувватлаб, воқеа FA кўрсатмаларининг “нотўғри талқин қилиниши” туфайли содир бўлганини айтди. Халқаро футбол ассоциацияси (IFA) қоидаларига кўра, шортилар мажбурий жиҳоз ҳисобланади, аммо GLWLF ва FA формалари футболчиларнинг диний эътиқодларига нисбатан толерант бўлиши кераклигини билдирди.
“Тушунишимизча, ўйинчиларга оёқларини ёпиш учун тайт ёки спорт шим кийишга рухсат берилган, бироқ қоидаларга кўра улар ҳам тепасидан шорти кийишлари керак. Айнан шу талабга ҳакам риоя қилишга ҳаракат қилди. Бироқ биз спорт либосми устидан шортилар кийиш шарт эмаслигини билиб олдик ва ўйин ҳаками ўйинчиларнинг имкон қадар қулай шароитда бўлишини таъминлаш учун буни ҳисобга олиши керак. Биз барча ҳакамларимизга янгиланган тавсияларни берамиз. Биз барчани, шу жумладан, Иқрани ҳам, бошқа футболчиларни ҳам ўз диний эътиқодларига зид бўлмаган кийим кийишлари мумкин деган тамойилни тўлиқ қўллаб-қувватлашимизга ишонтирмоқчимиз”, дейилади лига баёнотида.