Андижондаги санъат мактабига Шерали Жўраев номи берилади
Маданият-санъат
−
16 Февраль
7473Айни пайтда Андижон вилоятида бўлиб турган Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек қўшиқчилик санъати ривожида ўчмас из қолдирган Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий мукофоти совриндори, машҳур ҳофиз Шерали Жўраев номини абадийлаштириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев марҳум санъаткорни барча алоҳида ҳурмат билан эсга олишини таъкидлаган.
Қайд этилишича, Шерали Жўраев номи бериладиган Андижондаги санъат мактаби Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида замонавий кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Қўшимча равишда, янги ўқув ва турар жой биноси, зарур инфратузилма объектлари барпо этилади, шунингдек, Шерали Жўраев бюсти ўрнатилади.
Таъкидлаш жоизки, 2023 йилнинг 4 сентябрь куни кечки пайт Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 77 ёшида вафот этгани эълон қилинган, Марҳум Шайх Зайниддин қабристонига дафн этилган.