Андижонда Ўзбекистон бўйлаб қалбаки дориларни етказиб берган гуруҳ ушланди

3-саҳифа

image

Қалбаки дори воситаларини тайёрлаб, Андижон шаҳридаги туғруқхоналар, шифохоналар, хусусий клиникалар ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига етказиб берган шахслар ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унга кўра, ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Божхона бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилган.

Хусусан, Олтинкўл туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги BYD русумли автомашина Андижон шаҳридаги "Янгибозор" савдо мажмуаси олдида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 171 қути "Ферроуз" номли дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг яшаш хонадонида жами 5593 қутида 8 хил турдаги қалбаки дори воситалари ва уларни қадоқлашда фойдаланиладиган бўш қутилар, турли хилдаги дори воситаларининг йўриқнома ва ёрлиқлари борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган 3 нафар фуқаронинг яшаш хонадонлари ҳамда уларга тегишли бўлган манзилларда ҳам кўп миқдордаги қалбаки дори воситалари борлиги аниқланган.

Олиб борилган тезкор-тинтув тадбирлари натижасида умумий қиймати 700 млн сўмдан ортиқ бўлган, жами 14 турдаги 10686 дона дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур шахслар ўзаро келишган ҳолда яшаш хонадонларида қалбаки дори воситаларини тайёрлаб, келгусида сотиш мақсадида Андижон шаҳридаги туғруқхоналар, шифохоналар, хусусий клиникалар ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига етказиб берган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 5000 қутидан ортиқ қалбаки дори воситалари қайтариб олиниб, аҳоли орасида тарқалишининг олди олинган.

Бошқа ҳолатда эса Андижон шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларини Андижон ва Қашқадарё вилоятларидаги дорихоналарга юбораётган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, ушбу шахснинг яшаш хонадонида ўрнатилган талаблар даражасида сақланмаётган, умумий қиймати 250 млн сўм бўлган 5000 дона сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда қадоқлашда фойдаланиладиган бўш қутилар, турли хилдаги дори воситаларининг йўриқнома ва ёрлиқлари борлиги маълум бўлди ва тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 186 прим 3-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Андижон қалбаки дори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг