Андижонда ўқитувчилар тунгача дискотекага олиб қолиниши ортидан ХТВ Президент қарорини эслатди
Жамият
−
14 Февраль 2022
7608Мактаблардаги кечки тадбирларга педагог ходимлар ва ўқувчиларни мажбурий жалб этиш тақиқланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг қайд этишича, сўнгги кунларда айрим ҳудудларда ўқитувчиларни мактаб муассасаларида дарс жараёнидан ташқари кечки вақтларда турли маданий-маърифий тадбирларга жалб этилаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу сабабдан ХТВ мазкур тадбирлар бўйича изоҳ берди.
Унга кўра, мактабларда ўқиш жараёнидан ташқари вақтларда ўтказилаётган мазкур тадбирлар уюшмаган ва таълим билан банд бўлмаган (18-30 ёш) ёшларга мўлжалланган бўлиб, уларни ташкил этишга Ёшлар ишлари агентлиги, хусусан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари масъул этиб белгиланган.
“Бунда Халқ таълими вазирлигига мактаб инфратузилмасидан (кутубхона, спорт зал, компьютер хоналари, тадбирлар зали) оқилона фойдаланиш ҳамда мактабларни маҳалла учун “маънавият маскани”га айланишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги барча ҳудудий бошқармаларга ушбу тадбирларга мактаб маъмурияти, педагог ходимлар ва мактаб ўқувчиларини мажбуран жалб этилиши қатъиян тақиқланганини маълум қилади”, дейилади вазирлик хабарида.
Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Қарорига асосан, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланганини яна бир бор эслатиб ўтган.
Мазкур қарорга кўра, юқоридаги талабларни бузган Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари тегишли жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Аввалроқ, Андижонда ўқитувчилар ярим кечасигача олиб қолиниб, турли хил тадбирларда қатнашиши талаб қилинаётгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси