Андижонда тадбиркорга 42 млрд сўмлик лойиҳани олиб бермоқчи бўлган фирибгарлар ушланди
3-саҳифа
−
11 Апрель
4440Андижон вилоятининг Андижон туманида ўзганинг ишончига кириб, маълум миқдор эвазига йўлга асфалтбетон қопламасини ётқизиш бўйича лойиҳани олиб беришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон туманида яшовчи 58 ёшли А.Б. ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи 53 ёшли Х.У. ўзаро тил бириктириб, йўл қурилиши соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарининг ишончига кирган.
Фирибгарлар юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали, МЧЖга Асака туманидаги “4Р-112” автомобиль йўлининг 4 километр қисмига асфалтбетон қопламасини ётқизиш бўйича лойиҳани олиб бериш эвазига, лойиҳа учун ажратиладиган 42 млрд сўмнинг 10 фоизини (4,2 млрд сўм) беришини талаб қилган.
Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда А.Б. сўралган пул маблағи ҳисобидан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, 9 апрель куни Нукусда 11 минг доллар эвазига ДХХга ишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгар ушланган эди.