Андижонда портлаш юз бергани ростми?
Жамият
−
11 Март 2019
185469 март куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси автотураргоҳида автомашиналар портлаб кетганлиги тўғрисида хабар тарқалган эди.
“Халқ сўзи online” вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига таяниб хабар беришича, бу ҳеч бир асосга эга бўлмаган, яъни мутасадди идоралар томонидан тасдиқланмаган ахборот бўлиб, ҳеч қандай портлаш юз бермаган.
Лекин воқеа жойида ёнғин содир бўлганлиги рост. “9 март куни соат 16:30 ларда Андижон шаҳри, Амир Темур шоҳкўчасида жойлашган автотураргоҳ ҳудудида 5 тонналик ёқилғи қуйиш тизими атрофига эҳтиётсизлик туфайли тўкилган 10 литр бензин ёнган”, дейилади хабарда.
Ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 26 февраль куни Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиникасининг иситиш қозонхонасидаги қозоннинг портлаши оқибатида Андижон шаҳри 4-сонли умумтаълим мактабининг 18 нафар ўқувчиси ҳамда 4 нафар ўқитувчиси жабрланган эди.
3 март куни эса Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Бирлашган” МФЙ, Шалола кўчаси 36 уйда чиққан ёнғин оқибатида шу уйда яшаган 1979 йилда туғилган фуқаро О.Қ. ҳалок бўлгани хабар қилинганди.