Андижонда оҳак цехи 5,3 млрд сўмлик газни ўғирлади (видео)
3-саҳифа
−
30 Январь
2134Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 5,3 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган оҳак ишлаб чиқариш цехи аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ хабар берди.
Қайд этилишича, Хўжаобод туманида олиб борилган рейд жараёнида “Беш қовоқ” МФЙда жойлашган “Б. Б. Б.” МЧЖга қарашли бинода лойиҳа техник ҳужжатларисиз, носоз ҳолатдаги газ ҳисоблаш ускунаси билан бир дона оҳак хумдонида 20 дона ностандарт газ ёндиргичлар орқали оҳак тайёрлаш учун табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланган. Табиий газдан фойдаланиш шартномасида туз ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиш кўрсатилган бўлса-да, МЧЖ газдан оҳак ишлаб чиқаришда фойдаланган.
Бундан ташқари газ ҳисоблаш ускунаси носозлиги сабаб МЧЖ тармоқдан узилиб, бир марталик тамға ўрнатилган, бироқ ташкилот раҳбари уни ўзбошимчалик билан бузиб, табиий газдан фойдаланиб келган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, табиий газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинган ва 5 миллиард 358 миллион сўмлик зарар аниқланган. Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикасида 2,8 миллиард сўмлик энергия ресурсларини ўғирлаган автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси аниқланган эди.
LiveБарчаси