Андижонда катта қувур ёрилиб кетди. Аҳоли сув ғамламоқда
Жамият
−
10 Январь 2021
9838Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти “Хонобод-Андижон” марказий сув қувури ёрилиб кетгани ва ундан катта миқдордаги сув отилиб чиқаётгани акс этган видео тарқалди. “Андижон сув таъминоти” МЧЖ воқеа юзасидан расмий муносабат билдирган.
Хабарга кўра, кеча 9 январь куни Андижон шаҳрига ичимлик суви етказиб берувчи, диаметри 1400 мм. ли бўлган “Хонобод-Андижон” марказий сув қувурининг Андижон тумани “Хортум” МФЙга қарашли Анжирзор кўчаси ҳудудида жойлашган сув тақсимлаш жиҳозида носозлик юзага келган.
Қайд этилишича, ушбу носозликни бартараф этиш мақсадида зарурий чоралар кўрилмоқда. Шу сабабли, 11-12 январь кунлари аҳолига сув етказиб бериш таъминотида узилиш юзага келиши мумкин. Носозликни бартараф этиш жараёнида Андижон шаҳрига Жалақудуқ туманида жойлашган “Пахтакор” ер ости сув иншооти орқали тоза ичимлик суви етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари 20 дона махсус сув ташиш транспорт воситалари хизматга шай ҳолатга келтирилган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Андижон аҳолиси вакилларининг кўп миқдорда ичимлик суви ғамлаётгани акс этган видеолавҳалар ҳам тарқалган.
LiveБарчаси