Андижонда қалбаки пул тайёрлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди
3-саҳифа
−
03 Апрель 2022
14167Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилоятида қалбаки пул тайёрлаш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг Telegram каналида маълум қилинди.
Таъкидланишича, Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро Бухоро шаҳрига бориб, 10 миллион 100 минг сўм миқдоридаги қалбаки миллий валютани 600 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган.
Шундан сўнг, унинг жиноий шериги, Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган фуқаро ушбу 600 АҚШ долларини қабул қилиб олган вақтида ушланган. Унинг яшаш манзилида 2 миллион 150 минг сўм миқдорида қалбаки банкнотлар борлиги аниқланиб, улар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Суриштирув ҳаракатлари давомида қалбаки пуллар аслида Андижон шаҳрида тайёрланиши маълум бўлган. Дастлаб Андижон шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган шахс ўзининг “Дамас” русумли автомашинасида 3 миллион 200 минг сўм миқдоридаги 64 дона 50 минг сўмлик қалбаки банкнотларни олиб кетаётган вақтида қўлга олинган.
Сўнгра ушбу қалбаки пулларни тайёрловчи, 1987 йилда туғилган фуқаронинг уйидан пул тайёрлашда керак бўладиган буюмлар ҳамда 14 миллион 550 минг сўм миқдоридаги қалбаки пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Қайд этилишича, жиноий гуруҳ умумий миқдорда 300 миллион сўмдан ортиқ қалбаки пулларни тайёрлаб, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида муомалага киритишга улгурган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 176-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.