Андижонда газ ҳисоблагич ўрнатилганидан 2,5 соат ўтиб портлади. “Ҳудудгазтаъминот” ҳолатга изоҳ берди

Жамият 9062
image

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятидаги фавқулодда ҳолат тўғрисида хабар тарқалди. Унда янги ўрнатилган ақлли газ ҳисоблагичи орадан 2,5 соатда портлагани айтилган.

“Бу "Технопарк” МЧЖнинг “ақлли” газ ҳисоблагичи. Ўрнатилгандан 2,5 соат ўтгач портлади. Яхшиямки ҳеч ким зарар кўрмаган. Агар портлаш натиижасида парча кўзга тушганда-чи? Агар газ сизиши сабабли катта портлаш юз берганда-чи?”, деган хабарни қолдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.

Мазкур ҳолат юзасидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ расмий муносабат билдирди. 

Унга кўра, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳақиқатан ҳам, Андижон шаҳридаги "Шимолий кичик даҳа" кичик ноҳиясидаги 77-уйнинг 15-хонадонида газ тармоқлари ва қурилмаларидан нотўғри фойдаланиш натижасида, фавқулодда техноген ҳодиса рўй берган. 

Дастлабки талқинга кўра, ўлчаш мосламасининг ичида газ-ҳаво аралашмасидан чақнаш пайдо бўлиши, уни ишдан чиқишига олиб келган.

“Газ ускуналари ва газ тармоғи ичидаги газ-ҳаво аралашмасининг пайдо бўлишининг асосий сабабларидан бири, бу газ ҳисоблагич ўрнатилишидан аввал, хусусан, қўшни хонадонлардаги газ тармоқлари учун мўлжалланмаган резина шлангни улаш натижасида (учта хонадонда мавжудлиги аниқланди) газ қувурига атмосфера ҳавосининг киришидир. Ҳисоблагич тармоқдаги юқори босимдан ишдан чиққан деган талқин ҳақиқатга мос келмайди. Барча тафсилотлар махсус тузилган ишчи гуруҳ томонидан аниқланмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур фавқулодда ҳолат натижалари бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Аввалроқ, 2021 йилнинг 1 августига қадар бутун республика шундай газ ҳисоблагичлар билан таъминланиши ҳақида хабар берган эдик.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 257
Рейтинг: 2.9
t
×