“Андижон дўпписи” ҳам патентланди
Жамият
−
17 Июнь
3755“Андижон дўпписи” Адлия вазирлиги томонидан географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур бош кийим ўзининг юқори сифатли матолари, нозик нақшлари, ўзига хос шакли, шунингдек, рамзий ва эстетик мазмуни билан ажралиб туради. Ушбу дўппи Андижон вилоятининг ҳунармандчилик анъаналари, каштачилик мактаби ва маданий рамзларига асосланган бўлиб, халқ орасида ўзига хос ҳурмат ва мавқега эга.
Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши Андижон дўпписининг келиб чиқиш манбаини белгилайди, ҳамда унинг сифати ва маданий қийматини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади.
Маълумот учун, географик кўрсаткич — бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослиги ва айнан шу ҳудуд табиий, инсоний, тарихий омиллари билан боғлиқ алоҳида сифатларга эга эканлигини билдирувчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 24 август куни “Ғиждувон шашлик”, 2024 йил 8 январь куни эса “Ғузор тандир гўшти”, жорий йил 4 февраль куни дунёга машҳур “Самарқанд нони” ва июнь ойида “Хоразм тухумбараги” географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганди.
LiveБарчаси