Анчелотти ЕЧЛда янги рекорд ўрнатди
Спорт
−
13 Декабрь 2023
2961Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Карло Анчелотти Европа Чемпионлар лигасидаги (ЕЧЛ) ғалабали ўйинлар сони бўйича клуб тарихидаги энг яхши мураббийга айланди.
13 декабрга ўтар кечаси “қаймоқранглилар” ЕЧЛ гуруҳ босқичи охирги тури доирасида Германиянинг “Унион Берлин” жамоасини сафарда 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Анчелотти бу борада “қироллик клуби”нинг собиқ устози Мигел Муньосдан ўзиб кетди. Муньос 71 та баҳсда 41 та ғалаба қайд этган бўлса, италиялик мутахассис 56 та ўйинда 42-ғалабани тантана қилди.
Шундай қилиб, “Реал” Европа Чемпионлар лигаси “С” гуруҳидаги олти ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Мадрид клуби охирги марта 2014/15 йилги мавсумда гуруҳ босқичининг барча ўйинида ғалаба қайд этганди: ўшанда жамоа “Базель”, “Лудогорец” ва “Ливерпуль” билан бир гуруҳда ўйнаган.
“Реал” 18 очко билан “С” гуруҳида 1-ўринда, Италиянинг “Наполи” клуби эса 10 очко билан 2-ўрин турнирнинг плей-офф босқичига йўл олди.
Навбатдаги учрашувда Карло Анчелотти шогирдлари “Вильярреал” билан Ла Лига доирасида тўқнаш келади. Учрашув 18 декабрга ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 01:00 да старт олади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь