Американи “портлатган” қотиллик: Жорж Флойдни ўлдирган полициячига ҳукм ўқилди
Олам
−
26 Июнь 2021
17634Суд афро-америкалик Жорж Флойднинг қотиллигида айбдор деб топилган Миннеаполис собиқ полициячиси Дерек Шовинни 22,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Интерфакс” АҚШ оммавий ахборот воситаларига таяниб хабар бермоқда.
Қайд этилишича, прокуратура судьядан Шовинни 30 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган ва унинг хатти-ҳаракатлари очиқчасига миллат онгини ларзага солганини таъкидлаган.
Суд жараёнида Флойднинг қариндошлари, хусусан, унинг қизи ҳам иштирок этган. Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки кеча, 25 июнь куни бўлиб ўтган брифингда АҚШ маъмурияти суд жараёнини кузатаётганини айтганди.
Маълумот учун, жорий йил апрель ойида Шовин уч бандда, жумладан, иккинчи ва учинчи даражали қотилликда айбдор деб топилди. Шундан сўнг, у Ок-Парк-Хайтсдаги бир кишилик камерага жўнатилди. У камида 40 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлиги айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, 46 ёшли Жорж Флойд Миннеаполисдаги дўкон олдида ҳибсга олиш пайтида Шовин тиззасини унинг бўйнига босиб турганидан сўнг вафот этди. Ҳибсга олиш пайтидаги қотиллик вақтида Флойд қуйидаги сўзларни бир неча бор такрорлайди: “Мен нафас ололмаяпман”.
У ҳушсиз ҳолда касалхонага олиб борилган ва у ерда вафот этгани тасдиқланган. Шундан сўнг, полиция шафқатсизлигига қарши норозилик намойишлари Миннеаполисни, кейин Американинг бошқа шаҳарларини қамраб олган ва ҳатто, АҚШ ташқарисига ҳам тарқалган. Бир қатор шаҳарларда норозилик намойишлари тартибсизликларга, бузғунчилик ҳаракатларига, дўконларни ёқиш ва талон-торож қилишга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувларга олиб келган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь