Америкалик аскар норозилик сифатида Исроил элчихонаси олдида ўзини ёқиб юборди
Олам
−
26 Февраль
12177АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг фаол ҳарбий хизматчиси Вашингтондаги Исроил элчихонаси олдида ўзини ёқиб юборишга уринди. Шу тариқа 25 ёшли Аарон Бушнелл Ғазо секторидаги геноцидга қарши норозилик билдиришга қарор қилди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Интернетда тарқатилган кадрларда формадаги йигит ўзини АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг фаол аъзоси сифатида таништириб, “Мен энди геноцидда қатнашмайман”, деб айтганини кўриш мумкин.
“Мен ҳозир жуда кучли норозилик намойиши уюштиряпман, лекин босқинчилар қўлидан азоб чекаётган фаластинликлар олдида менинг ҳаракатларим унчалик аҳамиятли эмас", дейди Бушнелл.
Кейин аскар ўзига бошдан-оёқ бензин қуйиб, олов ёқади ва баланд овозда “Фаластинга озодлик!” деб бир неча бор бақиради. У оғир аҳволда шифохонага етказилган.
Исроил дипломатик миссиясининг матбуот котиби Таль Наимнинг сўзларига кўра, элчихона ходимларидан ҳеч бири жабрланмаган.
“Анадолу” агентлиги эса Вашингтон ёнғин хавфсизлиги ва шошилинч тиббий ёрдам хизмати вакилига таяниб, ўт ўчириш бўлимига маҳаллий вақт билан соат 13:00 атрофида ўзини ўзи ёқишга уриниш ҳақида хабар берилганини ёзди.
“Биз воқеа жойига етиб келганимизда, форма кийган хавфсизлик ходимлари аллақачон ёнғинни ўчириб бўлганини кўрдик”, дейилади муассаса хабарида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь