Америка нашри ҲАМАСнинг айрим протоколларини қўлга киритди
Олам
−
13 Октябрь
5559Американинг “The New York Times” газетаси бундан бир йил олдин – 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроил ҳудудига ҳужум қилиш, Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ҳамда Эронни бунга қўшилишга кўндириш имкониятини муҳокама қилган махфий учрашувларига оид протоколларни қўлга киритди. Бу ҳақда газетанинг ўзи хабар берди.
Нашрнинг маълум қилишича, ушбу жамланган протоколлар гуруҳнинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари томонидан 2 йил давомида ўтказилган 10 та йиғилишга тегишли бўлиб, улар Исроил ҳарбийлари томонидан жорий йилнинг январь ойи охирида ташкилотнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган ерости қўмондонлик пунктида ўтказган тинтувлари давомида компьютердан топилган. Журналистлар ҳужжатларнинг бир қисмини ўзлари текшириб, улардаги маълумотларни рўй берган воқеалар билан таққослаган, бир қисмини эса ҲАМАС фаолиятидан хабардор экспертлар ҳамда гуруҳ ҳарбий қанотининг собиқ аъзоларига тақдим қилган.
Шунингдек, 2022 йил апрель ойида ўтказилган йиғилишда гуруҳ етакчилари одатда энг кескин давр бўладиган Рамазон ойи жиддий тўқнашувларсиз кечгани, бу эса ҲАМАСга ўз ниятини яширишда ёрдам берганини қайд этган. Июндаги учрашувда ҲАМАС навбатдаги эскалациядан қутулиб қолишга эришгани айтилган. Бундан ташқари, шу йиғилишда гуруҳ етакчиси Яҳё Синвар биринчи марта Исроилга йирик ҳужум Ғазо секторида тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида эслатган. 7 октябрдан кейин эса ҳаракатнинг расмийларидан баъзилари тинч аҳоли орасида катта йўқотишлар бўлганини тан олган, аммо бу фаластинликлар озодлик учун тўлаши керак бўлган тўлов” эканини таъкидлашган.
NYT’нинг ёзишича, 2023 йил 7 октябрь куни ҳужум уюштиришга мажбур қилган сабаблар ҳам келтирилган. Масалан, улардан бирига кўра, ташкилот Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб бораётганини бузиш бўлган. Исроил ҳукуматининг Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига ўрнашиб олгани ва Аль-Ақсо масжиди мажмуаси устидан назоратни кучайтиришга бўлган уриниши ҳам келтирилган. Ҳужум 2023 йил охирига қадар амалга оширилиши кераклигига яна бир сабаб сифатида ҲАМАС Исроил янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ишга туширишидан олдинроқ зарба беришни истагани бўлган.
Ҳаракат 2023 йил май ойида ҳужум бошланиши учун иккита эҳтимолий санани муҳокама қилган: булардан бири 25 сентябрь – Исроилда Йом-кипур нишонланадиган кун (“Қиёмат куни”, яҳудийлар тақвимидаги энг муҳим саналардан бири), ёки шу йили Симхат Тора байрамига тўғри келган 7 октябрь куни.
Эрон Исроилга 7 октябрда уюштирилган ҳужумга қандайдир алоқаси борлигини рад этган. Эроннинг БМТ ҳузуридаги миссияси ҳужум тўлиқ ҲАМАСнинг Ғазо секторида жойлашган ҳарбий қаноти томонидан режалаштирилгани, буни Эрон ёки “Ҳизбуллоҳ”га боғлашга уринишлар ишончга сазовор эмаслиги ва сохта ҳужжатларга асосланганини маълум қилган. Ҳужжатлар шуни кўрсатадики, 7 октябрь ҳужумидан бир неча ой олдин ҲАМАС анча узоққа боришни режалаштирган. Ғазо секторининг шимолидаги ҲАМАС постида топилган тақдимотлардан бири Исроилга турли жабҳаларда ҳужум қилиш имкониятларини, нишонларни қўмондонлик марказларидан тортиб савдо марказларигача кўрсатиб беради.
Араб тилидаги “Фаластинни озод қилиш режаси стратегияси” деб номланган ҳужжатда ҲАМАС ҳаракатининг ўнлаб хариталари, фотосуратлари ва схемалари ҳамда эҳтимолий ҳужумлар кетма-кетлиги мавжуд. Амалга оширилмаган режалар орасида Тель-Авивдаги осмонўпар бинони вайрон қилиш ва темирйўлларда саботаж қилиш ҳам бор.
Исроилнинг иккинчи энг баланд биноси бўлган 70 қаватли Моше Авив минораси ва 3 та осмонўпар бино, йирик савдо маркази, темирйўл вокзали ва кинотеатрдан иборат Азриели маркази мажмуаси мумкин бўлган нишонлар рўйхатида. Бироқ ҳужжатда қайд этилишича, ҲАМАС биноларни қандай йўқ қилиш кераклигини ҳали аниқ олмаган. Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси Исроилни дезинформация тарқатишда айблаган. Исроиллик ҳарбийлар изоҳ беришдан бош тортган. ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ҳам сўровларга жавоб қайтармаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армияси Дамашқдаги Эрон элчихонасига яқинига авиазарба берганди. Нишон Дамашқ ғарбидаги Мезза маҳалласидаги тураржой биносига қаратилган. Эроннинг Суриядаги элчихонаси ҳужум содир бўлган жойга яқин жойлашган. Дастлабки маълумотларга кўра, 7 киши ҳалок бўлган, улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.