“Америка баҳори”. Трамп мамлакатдаги вазият бўйича баёнот билан чиқиш қилди

Олам 8100
image

АҚШ Президенти Дональд Трамп минглаб оғир қуролланган ҳарбий хизматчилар ва хавфсизлик кучлари мамлакатдаги зўравонликларга қарши чоралар кўришини эълон қилди. У бу ҳақда Оқ уй боғида сўнгги ҳодисалар юзасидан баёнотида айтиб ўтди.

Оқ уйда Трамп полиция зўравонликлари натижасида қора танли Жорж Флойднинг ўлимига қарши бошланган ва зўравонлик ҳаракатларига айланган норозиликлар ҳақида баёнот берди.

У ўз нутқининг бошида АҚШ Президенти сифатида ўз бурчини эслатиб, мамлакатни ва халқини ҳимоя қилишини таъкидлади.

"Мен мамлакатимизнинг қонунларини ҳимоя қилишга қасамёд қилганман. Жорж Флойдни шафқатсиз ўлдирилиши билан ҳақли равишда норози бўлган Америка халқи учун ушбу ваъдага содиқ қоламан. Менинг маъмуриятим Флойд ва унинг оиласи учун адолатни тиклаш бўйича берган ваъдасини бажаради. У бекордан бекорга ўлмади", дейди Трамп.

Кўчалардаги тартибсизликларга эътибор қаратган ҳолда, Трамп "биз тўғри қичқириқлар ва тинч намойишлар ғазабланган оломон томонидан бостирилишига" йўл қўймаслигини айтди.

Айрим штатлар ҳукуматлари ва маҳаллий маъмурларни зўравон ҳаракатлар билан шуғулланувчиларга қарши "зарур чораларни кўрмаётганликда" айблаш билан бирга, Трамп, одамларнинг иш жойлари талон-тарож қилинганлигини, янги турдаги коронавирус билан курашаётган соғлиқни сақлаш ходимлари қўрқувдан уйларини тарк этолмаяпганини ва Вашингтон штатидаги муҳим тузилмалар ва черковларга зарар етказилганини айтди.

Трамп воқеаларни "ички террор" деб баҳолади.

"Буларнинг барчаси тинч норозилик эмас, балки ички террорчилик актлари, бегуноҳ одамларнинг қириб ташланиши. Бегуноҳ одамнинг қонини тўкиш инсониятга қарши жиноят ва Худога қарши жиноятдир. Америкага вайронагарчилик, тарафкашлик, хавфсизлик операциялари, анархия, нафрат ва тартибсизлик керак эмас. Америкага адолат керак", дейди Трамп.

Президент бу тартибсизликларни бостириш учун барча ҳарбий отрядларни сафарбар қилишини эълон қилди.

"Мен мавжуд бўлган барча федерал, фуқаролик ва ҳарбий ресурсларни, талончиликларни, вайронагарчиликларни тугатиш ва қонунга риоя қилган Америка халқининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун сафарбар қиламан", дейди Трамп.

Уларнинг биринчи мақсади мамлакатда талончилик ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатиш эканлигини таъкидлаб ўтди.

"Мен ҳар бир губернаторга етарли миқдордаги Миллий гвардияни жойлаштиришни маслаҳат бераман. Губернаторлар ва мерлар зўравонлик тугашидан олдин кўп сонли хавфсизлик кучларини намойиш этишлари керак. Агар у мол-мулкини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришдан бош тортса, мен АҚШ аскарини жойларга юбораман ва муаммони тезда ҳал қиламан", дейди Трамп.

Шунингдек, Трамп бу ишларга оғир қуролланган ҳарбийларни жалб қилишини маълум қилди.

"Бу ерда гаплашар эканмиз, минглаб оғир қуролланган ҳарбий хизматчиларни ва хавфсизлик кучларини тартибсизликлар ва вайронагарчиликни тўхтатиш учун юборяпмиз", дейди Президент.

Трамп намойишчиларга шаҳарда маҳаллий вақт билан соат 19:00 да бошланган комендантлик соати қоидаларига риоя қилишларини огоҳлантириб, "бегуноҳ инсонларнинг ҳаёти ва мулкига таҳдид соладиганлар ҳибсга олиниши ва қонун бўйича тўлиқ жавобгарликка тортилиши"ни айтиб ўтди. Шунингдек, у бу тартибсизликлар бошида қайси гуруҳ турганини маълум қилди.

"Мен ушбу терроризм раҳбарлари қаттиқ жазоларга ва узоқ муддатли қамоққа дучор бўлишини билишларини истайман. Бу гуруҳлар Антифа жанговар гуруҳи ҳамда зўравонликни бошқарадиган бошқа одамлардир", дейди Трамп.

Ўз халқини ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишини таъкидлаган Трамп, "қонунсиз имконият, адолатсиз эркинлик, хавфсизликсиз келажак йўқ"лигини айтди.

Трамп Оқ уйдан чиқиб Авлиё Жонс черковига борди. У қисқа вақт черков олдида турди ва у ерга кирмасдан кенг қамровли хавфсизлик чоралари остида Оқ уйга қайтди.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 207
Рейтинг: 3
t
×