Аҳмаджонов Турғунбоев можароси ҳақида: “Азиз ёш бола эмас”

Интервью

image

Аввалроқ, бир вақтнинг ўзида икки клуб билан шартнома имзолашда гумон қилинаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Турғунбоевнинг можароли иши ортидан беш киши футболдан четлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз муносабатини билдирди.
 
“Азиз Турғунбоев масаласи ўз ечимини топди. Бу ишда бир эмас, икки қўмита аъзолари меҳнат қилди. Можарога алоқадор деб гумон қилинган шахслар бирма-бир чақиртирилиб, сўроқ қилинди. Бу эса гап нимада эканини аниқлашга ёрдам берди”, деб гап бошлаган Аҳмаджонов.
 
Қўмита аъзолар мазкур муаммоли вазият юзасидан иш олиб бораётган вақтда Аҳмаджонов уларнинг ҳар бири билан учрашиб, хилма-хил фикрларга қулоқ тутганини айтади.
 
“Иш бошланган вақтда ҳамма билан учрашдим. Гап-сўзлар, мурожаатлар, фикрлар хилма-хил бўлаётгани, уларга эътибор бермай, низомларда белгилаб қўйилгани бўйича адолатли қарор чиқаришларини сўрадим. Яъни, бу ерда ҳеч бир клубга ён босиш ва кимнидир аяш шарт эмас эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам айбдорлар адолатли жазога тортилса, бу қолганлар учун ҳам огоҳлантирувчи қўнғироқ бўларди”.
 
Хўш, футболдан четлатилганларнинг тақдири нима бўлади? Жазо жиддий эмасми? Аҳмаджонов бу саволга қуйидагича жавоб беради:
 
“Биринчидан, Азиз ёш бола эмас. Келажаги ҳақида аввало ўзи ўйлаши шарт. Иккинчидан, у миллий терма аъзоси бўладими ёки оддий футболчи — қонун-қоида ҳамма учун бир. Учинчидан, бундай ҳолат мамлакат футболида адашмасам биринчи бор бўлаётгани йўқ. Бунгача Илҳом Юнусов деган футболчи ҳам икки клуб билан шартномага имзо чеккани учун 6 ойга четлатилган. Ва тўртинчидан, қандай босим бўлмасин, қандай ишонтиришмасин, футболчи ўз ҳақини талаб қилишни ўрганиши керак. Кимдандир қўрқса, мана ЎФАга мурожаат қилсин. Қайсидир футболчининг ҳуқуқлари поймол этилаётган бўлса, уни ҳимоя қилишга кучимиз етади”.


Мақола муаллифи

Теглар

АзизТурғунбоев УмидАҳмаджонов

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг