Мен янада жиддийроқ жазо беришларига ҳам қарши бўлмасдим – Аҳмаджонов
Интервью
−
06 Февраль 2019
9441Бир вақтнинг ўзида икки клуб билан шартнома имзолашда айбланган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Турғунбоевнинг можароли иши ортидан беш киши, жумладан 2018 йилнинг катта қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида ишлаб келган Илҳом Мўминжонов футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан 1 йилга дисквалификация қилинди. Умид Аҳмаджонов унга ачинмаслиги очиқ-ойдин айтди:
“Мен янада жиддийроқ жазо беришларига ҳам қарши бўлмасдим, аслида. Бироқ комиссия шу қарорга келган бўлса, биз уни ҳурмат қиламиз. Ўз клуби учун борини бериш ўрнига, уни талаш, тарон-талож қилиш ҳақида кўпроқ ўйлайдиган кишиларга орамизда жой йўқ. У ким бўлишидан қатъи назар, кимнингдир тузини еб, тузлуғига тупуриши керак эмас. Бу ҳали ҳаммаси эмас, ЎФА инспекцияси бошқа масалалар юзасидан ҳам текширувларни давом эттиради. Агар кимдир тотализатор ёки келишилган ўйинларда ҳам иштирок этган бўлса, бирйўла бутун умрга четлаштириш масаласи кўриб чиқилади. Бу гап ҳаммага тегишли. Ким шундай иш қилган, қачон қилган, нимани истаган — аҳамияти йўқ, поезд кетиб бўлди. Ҳамма қилмишига яраша жазосини олмаса, футбол шундай нопокликлар сабаб таг-томиридан чириб кетяпти. Уларни ҳозироқ тўхтатишимиз шарт”.
МОҚ Президенти Ирисметов ва Сариков масаласига ҳам тўхталган.
“Қўмита уларни ҳам четлаштирган. Комиссия аъзолари буни изоҳлаб беришди. Масалан, ҳар икки клубни ҳам жаримага тортиш мумкин эди. Кейинги сафар клублар ўз ишчиларини назорат қилмаса, тийиб турмаса, улар ҳам жазодан четда қолмайди. Чунки ҳар бир клуб ўз ходимлари учун жавобгардир”, дейди Аҳмаджонов.
МОҚ президенти сўзида давом этаркан, нафси йўлида футбол ривожини четга суриб қўйганлар қонун олдида жавоб беришини айтади:
“Нафси йўлида футбол ривожини бир четга суриб қўйган одам хоҳ юлдуз бўлсин, хоҳ иқтидор эгаси — бирдек жавоб беради. Ўзбекистон иқтидорларга тўла мамлакат, уларнинг ўрни бўшаб қолмайди. Аслида мана шундай “бўрилар”нинг борлиги сабаб ҳам қатор иқтидорлар оёқ остида, эътибордан четда қолиб кетяпти. Футболни тозалашда давом этамиз, айбдорларга шафқат қилинмайди. Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳада шундай сиёсат олиб боряптиларми, нега энди бу нарса футболни четлаб ўтиши керак? Футбол халқ учун, биз уларни алдай олмаймиз. Шу каби ишлар гирдобида қолгани учун ҳам стадионлардан одамларнинг қадами узилганди. Осон бўлмайди, секин-секинлик билан мухлисларни қайтарамиз”.
LiveБарчаси