Беш киши Азиз Турғунбоев иши ортидан вақтинча футболдан четлаштирилди

Спорт

image

Бир вақтнинг ўзида икки клуб билан шартнома имзолашда гумон қилинаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Турғунбоевнинг можароли иши Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмита томонидан ўрганиб чиқилди. ЎФА ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
 
Азиз Турғунбоев ёзги трансфер ойнасига қадар дисквалификация қилинди
 
Маълум бўлишича, Турғунбоевнинг “Навбаҳор” футболчиси сифатида ПФЛ рўйхатидан ўтказилган шартномаси 2018 йилнинг 30 ноябрь куни ўз якунига етган. У Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича регламент бандларидан келиб чиқиб, шартномаси якунига ярим йил вақт қолганида бошқа клублар билан музокара ўтказиши мумкин эди. Унинг бу ҳуқуқидан “Пахтакор” футбол клуби унумли фойдаланишга ҳаракат қилган ҳамда Азиз Турғунбоев билан 2018 йилнинг 5 сентябрь куни 2 йилга мўлжалланган ҳамда 2019 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган шартнома имзолаган.
 
Ишни ўрганиш жараёнида иштирок этган “Навбаҳор” томони бу шартномани мавҳум қолдиришга ҳаракат қилди. Бироқ Азиз Турғунбоевнинг кўрсатмаси ҳамда мавсум якунланганидан сўнг ПФЛ бош директори номига ёзган аризаси орқали маълум бўладики, “Навбаҳор” футболчининг Тошкент клуби билан шартномаси бор экани ҳақида билса-да, 2018 йилнинг 29 ноябрь куни Турғунбоевни янги шартномага қўл қўйишга ундаган. Бунда “Навбаҳор” томони Турғунбоев билан 30 ноябрь куни якунига етадиган шартномани узайтирмаган, балки футболчига янги шартнома имзолатган. Қўшимчасига, Турғунбоев вазият силлиқ ҳал этилишига ишонтирилган.
 
Мазкур иш жиддий тус олишни бошлаганига қарамай, декабрь ойи экваторига келиб Турғунбоев “Пахтакор” билан навбатдаги шартномага имзо чеккан. Оқибатда вазият бутунлай издан чиққан. Бунгача ПФЛ на “Пахтакор” ва на “Навбаҳор” билан тузилган шартномаларни рўйхатга олган. Боиси, Ўзбекистонда қишки трансфер ойнаси 17 декабрга келибгина очилган. Боз устига, 2019 йилги мавсум учун регламентда жиддий ўзгаришлар қилаётган ПФЛ юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида муҳим янгиликка қўл урганди. Унга кўра, футболчи ва клуб ўртасида имзоланаётган ҳар қандай шартнома роппа-роса 1 ой ичида ПФЛ рўйхатидан ўтказилмаса, ташкилот унинг ҳақиқийлигини тан олмайди. Мазкур қоида 2019 йилнинг 1 январь кунидан кейин тақдим этиладиган шартномалар учун тааллуқлидир.
 
“Пахтакор” айнан 1 январь куни Азиз Турғунбоев билан тузилган шартномани Осиё Чемпионлар лигасига рўйхатдан ўтказиш учун олиб келди. Бу вақт ичида “Навбаҳор” футболчи билан тузилган шартномани тақдим этмади. Наманган клубининг Турғунбоев билан тузилган шартномаси ЎФА комиссияси мазкур ишни ўрганишни бошлаганидан кейингина кўрсатилди. Ваҳоланки, “Навбаҳор” бошқа клуб билан шартномаси бор бўлган футболчини Қримда ташкил этилган йиғинга жалб қилган. “Пахтакор” томони эса айнан шундан келиб чиқиб ПФЛга шикоят аризаси билан чиққан.
 
Ўрганишлар натижасида Азиз Турғунбоевнинг икки клуб билан шартнома имзолагани аниқланди. Бу эса Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича регламентнинг 5.43 бандига зиддир. Шунингдек, Турғунбоев бир вақтнинг ўзида ПФЛ вакилларига ҳам икки хил истагини билдирган. Хусусан, у 2018 йилнинг 3 декабрь куни “Пахтакор”да ўйнашни истаётгани, бироқ унинг бу қарорига “Навбаҳор” томонидан босим бўлаётгани ҳақида ўз қўли билан ариза ёзиб кетган. 2019 йилнинг 1 январь куни эса “Пахтакор” билан тузилган 5 сентябрь санасидаги шартномани бекор қилишни сўраб ариза ёзган. Шу йилнинг 2 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда эса босим “Пахтакор” клуби вакиллари томонидан қилингани борасида кўрсатма берган.
 
Азиз Турғунбоевнинг миллий терма жамоа футболчиси экани, бундай можароли ишга биринчи бор аралашиб қолаётгани ҳамда бошқа бир қатор омиллар ҳисобга олиниб, футболчига нисбатан енгилроқ жазо тайинланди. Эндиликда у 2019 йилнинг 9 июль санасига қадар футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан дисквалификация қилинади. Мазкур вақт давомида Турғунбоев Суперлига ҳамда Про-лига “А” клублари билан шартнома имзолай олмайди.
 
Азиз Турғунбоев ишидаги қолган деталлар, клубларнинг бу можародаги иштироки ва роли, улар томонилан йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан комиссия ўз қарори қуйида маълум қилинади.
 
Мураббий Илҳом Мўминжонов 1 йилга футболдан четлаштирилди
 
2018 йилнинг катта қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида ишлаб келган Илҳом Мўминжонов футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан 1 йилга дисквалификация қилинади. Бу ҳақдаги қарор Интизом ва одоб-аҳлоқ қўмитаси томонидан қабул қилинди.
 
Қайд этиш керак, Турғунбоев можаросини фақатгина Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича комиссиягина ҳал қила олмасди. Воқеага алоқадор бўлган барчага одилона санкциялар қўллаш учун ЎФА Интизом ва одоб-аҳлоқ қўмитасини ҳам ишга жалб қилди. Мазкур қўмита Илҳом Мўминжонов томонидан йўл қўйилган ҳамда касб этикасига тўғри келмайдиган бир қатор жараёнларни аниқлади.
 
Жумладан, Мўминжонов Азиз Турғунбоевни 2018 йилги мавсумда ҳам “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилишга кўндиради. Бироқ кейинчалик ундан ўз манфаатлари йўлида фойдалана бошлайди. Бирламчи, Мўминжонов ўз шогирдини футбол агентлари билан таништиради. Яъни, Турғунбоев Мўминжоновнинг тавсиясига кўра Александр Митрофанов бошчилигидаги агентлар билан ҳамкорлик қила бошлайди. Митрофанов номидан битимни ўзбекистонлик Рустам Шоймардонов имзолайди. Суҳбат давомида Турғунбоев Митрофановни умуман танимаслигини, шартномани Шоймардонов билан тузганлигини айтди. Мўминжонов эса бу ҳақда Турғунбоевдан яхшироқ маълумотга эга. Бироқ асосий деталларга келганда, у кўп нарсадан бехабар эканлигини қайд этмоқда. Мазкур битимдан Мўминжонов моддий манфаат кўрганми ёки йўқ деган саволга мураббий рад жавобини берган.
 
Иккинчидан, Мўминжонов ўзи бошчилик қилаётган “Навбаҳор” клубининг чемпионлик йўлидаги принципиал рақиби бўлган “Пахтакор” қарамоғига Турғунбоевни ўзи олиб боради. Бунда футболчи билан кўп йиллик эмас, бир йиллик шартнома тузилгани, энди эса футболчи янги жамоага эркин агент сифатида йўл олиши каби масалалар ётибди. Яъни, “Навбаҳор” ўз кашфиётининг ортидан ҳеч қандай молиявий фойда кўрмайди. Мўминжонов юқоридаги келишувдан қандайдир манфаат кўргани борасидаги саволга ҳам рад жавобини берди. Бироқ мураббий ўзи учун рақиб бўлган клуб манфаатларига нима учун хизмат қилиб юрганини изоҳлай олмади.
 
Учинчидан, Мўминжонов “Навбаҳор”да футболчилар билан айнан ўзи ҳисоб-китоб қилгани аниқланди. Мураббийнинг асл вазифаси футболчиларнинг спорт формаси билан ишлаш бўлса-да, Мўминжонов клубда ҳисобчи ҳам бўлган ва ҳомийлар томонидан берилган маблағларни ўзи билганича тақсимлайверган.
 
Этика қўмитасининг даъвосига кўра, юқоридагиларнинг барчаси одоб-аҳлоқ нормаларига тўғри келмайди. Ўзи пул топаётган клуб манфаатларига хизмат қилиш ўрнига, унинг ичида туриб бошқа клуб билан олди-бери қилишни афзал кўрадиган мураббий вақтинчалик бўлса-да футболдан четда юргани маъқул деб топилди ва Мўминжонов 1 йилга футболдан дисквалификация қилинди.
 
Шамшод Сариков ва Жаъфар Ирисметов 6 ойга дисквалификация қилинди
 
Мамлакат футболини ривожлантириш йўлида “Пахтакор” ва “Навбаҳор” раҳбарияти катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, “Пахтакор” инвесторлари ва Наманган вилояти ҳокимининг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак. Бироқ уларнинг ишончида бўлса-да, аслида регламентда белгилаб қўйилган талабларни писанд қилмайдиган, улардан яхши хабардор бўлмаслиги оқибатида, ўз клублари шаънига путур етказадиган кадрлар ҳам учраб турибди. Юқоридаги икки қўмита ўзаро келишиб, мана шундай кадрларнинг уч нафарини 6 ойга футболдан четлаштирди.
 
“Пахтакор” спорт директори Жаъфар Ирисметов ўзи фаолият олиб бораётган клуб Азиз Турғунбоевнинг трансфери масаласи юзасидан “Навбаҳор”га расмий чиқиш қилмаган бўлса-да, футболчининг ўзи, жамоа мураббийи Илҳом Мўминжонов ҳамда футбол агентлари билан бемалол иш олиб бораверган. Яъни, Турғунбоевнинг “Навбаҳор” билан шартномаси якунига 6 ойдан кўпроқ вақт бўлса-да, Ирисметов регламентга зид равишда клубни расмий огоҳлантирмай, у билан алоқага чиқаверган. Суҳбат давомида Ирисметов буни ўзи тан олди.
 
Шунингдек, Ирисметов “Навбаҳор” билан иккинчи шартномага қўл қўймаслик, бу регламентнинг бузилиши бўлиши ҳақида Турғунбоевни тўғри огоҳлантирган. Бироқ спорт директори сифатида ўзи юқоридаги хатога йўл қўйган, шунингдек, “Пахтакор” таркибига келиб қўшилмаса, футболчини 2 йил футболдан четлаштириб юбориш билан қўрқитган. Ваҳоланки, бу ишни у ЎФА орқали ҳал қилиши мумкин эди. Футболчига бўлган босим эса ортиқча.
 
“Навбаҳор” вице-президенти Шамшод Сариков эса Турғунбоев ишини силлиқ қилиб юбориш борасидаги пуч ёнғоқ билан футболчининг қўйнини тўлдириб, уни иккинчи шартномага ундаган ҳамда унга қўл қўйдирган. Шунингдек, ПФЛ рўйхатдан ўтказган бошқа клуб футболчисини ҳеч кимни огоҳлантирмай, Қрим йиғинига олиб кетган. Регламентни юқоридаги каби масалалари унга тушунтирилганда, Сариков улардан бехабарлиги, бошқа нарсадан умид қилгани, бошқача ўйлагани каби важларни келтирди. Шундан келиб чиқиб, ЎФА Сариковга ҳам футбол борасидаги билимларини ошириб олиш учун имконият беришга қарор қилди ва уни ҳам Ирисметов каби 6 ойга футболда четлатди. Қўшимчасига, футбол ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлмаган, ўз вазифасига нолойиқ деб топилган “Навбаҳор” бош директори Расул Акромов ҳам футболдан 6 ой “дам олади”. У мазкур масалаларни ўз назоратига олмагани, регламент ҳақида тасаввури йўқлигини тан олиб ўтди.
 
Бу икки тарафнинг ўйинлари сабаб ҳуқуқий саводи етарлича бўлмаган бир футболчи азият чекди. Шунинг учун ҳам фақатгина Турғунбоевнинг дисквалификация бўлиб кетиши адолатдан бўлмасди. “Пахтакор” ва “Навбаҳор” раҳбарияти ўз спорт директорига, вице-президентига ишониб иш кўрган ва воқеанинг барча тафсилотларидан бохабар бўлмаган. Юқоридагиларни инобатга олиб, Азиз Турғунбоев билан тузилган ҳар қандай шартномалар ўз кучини йўқотган деб топилади. Яъни, 9 июлга қадар Турғунбоев ҳеч бир клуб билан алоқага чиқмайди, аммо шу санадан эътиборан эркин агентга айланади. Турғунбоев билан келишиш вақтида ҳозир бўлган, бироқ унинг бошига иш тушган вақтда ҳимоя учун келмаган футбол агентлари билан ҳамкорлик давом этиши ёки этмаслигини унинг ўзи ҳал қилади. ЎФА эса ўзбекистонлик футболчиларни бу каби ишларда шошилмасликка ва ўйлаб қарор чиқаришга чақиради. 
 
Хулоса
 
ПФЛ айни вақтда регламент масаласида катта ўзгаришларни амалга оширди. Бундан буён шартномалар, футболчи ва мураббийларнинг этика масалалари жиддий назоратда бўлади ва ҳар ким қилмиши учун жавоб беради. Футболдан четлаштирилган шахслар билан алоқага ўрнатган, улардан футболга оид ишларда фойдаланган ҳар қандай тарафни жиддий санкциялар кутади. Шунингдек, футболга аралашгани аниқланса, юқоридаги шахслар бундан ҳам оғирроқ санкцияларга дучор бўлади.
 
ЎФА “Пахтакор” ва “Навбаҳор” футбол клубларини юқоридаги каби масалаларга жиддий эътиборда бўлишга чақиради. Кейинги сафар клублар катта жарималарга тортилиши ёки футболчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Юқоридаги қарорлар икки қўмита аъзолари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

АзизТурғунбоев

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

1.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг