“Аллоҳу акбар” деб одамларни қувлаб юриш – бу динга хизмат эмас – Қодиров ЛГБТга қарши намойишлар ҳақида

Интервью

Блогер Миразиз Бозоров ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бесоқолбозларни ҳар жума “Ҳазрати имом” мажмуаси атрофига тўпланишга қаратилган чақирувлари билан ғараз мақсадларига эришган. У аввал бошдан пухта режалаштирган провокацияси яхши натижа берган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров QALAMPIR.UZ раҳбари – журналист Қамариддин Шайхов билан “Бесоқолбозлик – беморлик ёхуд миллат номуси хавф остида” мавзусидаги жонли эфирдаги мулоқотда маълум қилди. 

“Битта блогер, битта ғаламис шунча мақсадига эриша олди. Энди тасаввур қилинг, эртага сайлов арафасида жамиятда нотинчликни келтириб чиқариш мақсадида бир нечта шундай блогерлар провокацияларни амалга оширса, биз бу провокацияни ажрата олмасак, бунга муносабатларимиз белгиланган тартибда бўлмаса, унда нима бўлади? Ўзбекистондаги ўзгариш, эркинлик жараёнларини нафақат ривожланишига, балки асрашга ҳам ҳисса қўшишимиз керак. Яъни, қонунчиликда белгиланган тартиблар, чегаралардан ташқарига чиқмасдан. Агар бу чегаралар нотўғри қўйилган бўлса, Парламент билан келишган ҳолда ушбу чегараларни кенгайтириш ҳақида мулоқот қилишимиз, блогер ва журналистлар билан бу масалаларни кенг муҳокама қилишимиз, жамоатчиликнинг эътирозини акс эттириб беришимиз мумкин”, дейди Алишер Қодиров. 

Куни кеча ижтимоий тармоқларда ЛГБТ ҳуқуқларини муттасил равишда ҳимоя қилиб келган Миразиз Бозоровнинг 28 март куни ЛГБТ фаоллари Амир Темур хиёбони атрофига йиғилиши ва Ҳукуматдан ўз ҳуқуқларини талаб қилиши кераклиги ҳақидаги мурожаати тарқалди. Шу куни хиёбонга бесоқолбозлик ва унинг жиноят кодексидан чиқариб ташланишига қарши бўлган жамоатчилик вакиллари тўпланди ва тартибсиз намойишлар бўлиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ЛГБТга қарши фаолларнинг Амир Темур хиёбони атрофида “Аллоҳу акбар” деб бақириб юрганини кўриш мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров улар бу хатти-ҳаракатлари билан динга хизмат қилмаётганларини урғулади. 

“Диний нуқтаи назардан олиб қарасак, кўчага чиқиб “Аллоҳу акбар” деб бақириб, одамларни қувлаб юриш – бу динга хизмат эмас. Бу исломий маърифат эмас. Бу мақсадимиздан адаштирувчи бир йўл. Бу асосланмаган агрессия. Мавзу қанчалар нотўғри, қанчалар асабга тегар бўлмасин, лекин бу ечим эмас. Кўчага чиқиб эътирозини билдиришнинг тартиби бор. Уни белгиланган тартибда амалга ошириш керак. Энг тўғри йўл – сиёсий тафаккур билан бу мавзуни таг-томирларини ҳисоб-китоб қилган ҳолатда эътирозни керакли майдонда амалга ошириш. Мана шундай жамиятлар учун бундай провокациялар ўйинчоқ бўлиб қолади. Уларнинг ўз кучи бўлмайди. Албатта, биз ҳам Ўзбекистонда ана шундай жамият шаклланишини хоҳлардик. Аммо бу ҳам вақт талаб қиладиган ва инсонларнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлган жуда оғир жараён”, дейди Қодиров. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тартибсиз намойишларни ёқламаслигини, бу билан жамият ҳеч нарсага эришмаслиги, аксинча, халқаро сиёсий кучларнинг ўйинлари қурбони бўлиши мумкинлигини қайд этди.  

“Мен тартиббузарликнинг ҳар қандай шаклига қарши эканимни доимо билдириб келаман. Яъни, ким бўлишидан қатъи назар, у мансабдор бўладими, оддий фуқаро бўладими, жамиятнинг кўпчилиги маъқуллаган ҳолатда белгиланган қоидаларга зид ҳаракат қилиш ҳеч қачон қўллаб-қувватланмаслиги керак”. 

Маълумки, бундан бир неча кун аввал Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга янги таҳрирдаги Жиноят кодексидан бесоқолбозликка оид моддани чиқариб ташлаш бўйича мурожаат билан чиқди. Ушбу масала сиёсий ва диний доира вакиллари томонидан муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Қодировга кўра, мамлакатда муҳим сиёсий жараён, Президент сайлови бўлиб ўтиши олдидан шундай масаланинг кун тартибига сунъий равишда чиқарилиши – провокация. 

“Ўзбекистонда бу мавзунинг кўтарилиши, умуман бу мавзу атрофидаги муҳокамаларнинг ҳаммаси – провакация”, дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси. 

Жорий йилнинг 28 март куни Амир Темур хиёбонидаги тартибсиз намойишларда қатнашган 12 нафар фуқаро Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ушланиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Қодиров ана шу масалага ҳам тўхталиб, шундай дейди: 

“Аслида безорилик моддаси бўйича жавобгарликка тортилган ёш фуқароларимизнинг талаби ҳақли. Улар бундай провакация ва бундай ғояларнинг Ўзбекистон жамиятига ёт эканини айтиб, эътироз билдирибю тўғри қилишяпти. Лекин эътирознинг шакли ҳуқуққа зид. Тўғри талабни тўғри шаклда етказиш керак. Масалан оммавий тартибсизлик келтириб чиқариш, эътироз билдириш, жамоат жойларидаги бузғунчи хатти-ҳаракатлар қонун билан чекланади. Бунинг ўз тартиби бор. Мавзуга эътирозни билдиришни белгиланган тартибда амалга ошириш керак". 

Депутат Алишер Қодиров билан эксклюзив интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров

Баҳолаганлар

303

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг