Алламжонов Telegram’даги янгиликни текинхўрликка тенглаштирди

Жамият

image

Аввалроқ Telegram мессенжери каналларда реклама жойлашни бошлаётгани ҳақида хабар берган эдик. Реклама берувчи ўзи истаган канални танлаши мумкинлиги, унинг эгаси рекламага таъсир ўтказа олмаслиги айтилганди.

Тўғридан-тўғри Telegram орқали берилаётган реклама ҳатто Ўзбекистон Президентининг саҳифасида ҳам пайдо бўла бошлади. Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мессенжернинг реклама сиёсатини танқид қилиб чиқди.

“Telegram асосчиси Павел Дуровнинг Telegram’даги янги реклама сиёсати жуда ҳам ўйлантиряпти. Аҳамият берган бўлсангиз, сиз обуна бўлган канал, блогер ёки таҳририят мақолалари орасида турли рекламалар пайдо бўляпти.

Telegram мессенжери тартибига кўра, эндиликда улар таҳририят ёки блогер рухсатисиз, хоҳлаган каналига реклама қўйиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, сиз эшакдек ишлаб канални кўтарасиз, унинг обрўси учун хавф-хатарга қарамай ёзасиз, сизнинг каналингизни ҳамма ўқишни бошлаганида Telegram тайёрга айёр бўлиб, сиздан сўрамай ўз рекламасини сизнинг каналингизга қўйиб, пул ишлайди. Сизга эса фигушки. Яна нимамуш, “Реклама кўришни истамайсанми? Тўла! Реклама сенинг каналингда чиқишини хоҳламайсанми? Тўла!” Яқинда Ўзбекистон Президенти каналида ёки хуқуқ-тартибот органлари каналида ҳам реклама чиқиши ғалати кўринди”, дейди Алламжонов.

Фонд раҳбари каналларда берилаётган реклама саҳифа эгасига ёқадими, контент мавзусига мосми, йўқми бу мессенжерни ишлаб чиққанлар учун аҳамиятсиз эканига ҳам тўхталган.

“Бу реклама сизга ёқадими, сиз олиб бораётган канал мавзусига тўғри келадими, йўқми — уларга фарқи йўқ. Пул келса бўлди. Хоҳласа, чўчқа гўштини, хоҳласа, динимизга зид бўлган рекламаларни сизга тиқиштирса ҳам, сиз ҳеч нарса қила олмайсиз”, дейди у.

Алламжонов сўзида давом этиб, канал кузатувчилари рекламани саҳифа эгаси жойлаштиряпти деган хаёлга бориб, унга ишониб қолиши мумкинлиги масаланинг энг хавфли жиҳати эканини таъкидлаган.

“Энг хафли, ачинарли тарафи, кўпчилик доимий кузатиб бораётган каналларига ишонади ва бундай рекламаларни канал эгаси тавсия киляпти, деган ҳаёлга бориши мумкин. Шу сабаб кўп рус Telegram сегментидаги канал администраторлари бундай “янгиликдан” сўнг исён кўтардилар! “Ҳооой, бу реклама биздан эмас, узр энди шундай бўлиб қолди, ишониб қолманглар” деган маънода”, дея вазиятнинг жиддийлигига эътбор қаратган Алламжонов.

Бундан ташқари, жамғарма раиси Россиянинг Федерал жазони ижро этиш хизматининг Telegram’даги каналида криптовалюталарнинг рекламаси чиққанини айтиб, бу ғалати ҳолат эканини урғулаган.

“Бу каби рекламалар давлат органлари ва ташкилотларининг каналларида, сиёсатчиларда ҳамда ҳукумат одамларининг каналларида чиқиши ноўрин. Ўз навбатида бу уларнинг обрўси ва мавқеига жиддий путур етказиши аниқ!

Ҳурматли Павел, Telegram’га ҳаммани обдон ўргатиб қўйиб, энди бу йўл билан проектни монетизация қилмасангиз бўларди. Албатта, биздан сўраб ўтирармидингиз. Ундан кўра, катта компанияларга сотиб юборганингиз яхши компанияни, бировнинг каналига “нагло” ўзингизни рекламангизни жойлагандан кўра. Ёки Youtube'га ўхшаб бўлишинг канал эгалари билан ва ўша каналга зид рекламани қўймаслик имкониятини ҳам яратинг”, дейя сўзини якунлаган Алламжонов.

Шу ўринда, Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжер реклама қўйишни бошлашни эълон қилганидан кўп ўтмай, компания саҳифа эгаларига тўлов эвазига эълонларни уларнинг каналида қўймаслик имкониятини яратиш устида иш бошланганини маълум қилганди. Бу хизмат ноябрь ойи охиригача ишлаб чиқилиши керак эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов

Баҳолаганлар

372

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг