Алламжонов ОАВ ва блогерларнинг “овозини ўчириш” кимларга фойда келтиришини ошкор қилди
Жамият
−
08 Август 2020
13021Ижтимоий тармоқларда бир нечта блогерлар Telegram`даги аккаунтини бузишга уриниш бўлгани ҳақида ёзиб чиққанди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирди.
Комил Алламжонов ҳолатни ОАВ ва блогерларнинг сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолади. У шунингдек, журналист ва блогерларни жим қилишга уриниш бефойда эканини айтиб ўтди.
“Куни кеча бир неча блогерларнинг Telegram тармоғидаги аккаунтини бузишга уринишлар бўлгани ҳақида ёзишди. Буни ким, нима мақсадда қилгани ҳозирча аниқ эмас, лекин буни бевосита ОАВ ва блогерларга, сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаш мумкин. Бугунги кунда ОАВ ва блогерларнинг “овозини ўчиришга” уриниш ҳеч қандай натижа бермаслигини тушуниш вақти келди”, дейди Алламжонов.
Вазиятга баҳо бераркан, у бугунги технология асрида ахборотга қўйилаётган сунъий тўсиқлар, хорижий ОАВнинг фойдасига хизмат қилишига эътибор қаратган.
“Ҳозирги технологиялар асрида информацияни сунъий йўл билан тўсишнинг имкони йўқ. Бу йўл билан фақатгина бошқаларга, аниқроқ айтганда, хориждаги бизга дўст бўлмаган ОАВга йўл очиб берган ва уларни қўллаб-қувватлаган бўлиб қоламиз. Ўзимизда информацион танқислик юзага келадиган бўлса, иложсиз аудитория айнан хориж манбаларидаги маълумот билан ишлашни бошлайди. Бу эса вазиятни фақатгина ёмонлаштиради”, дея фикр билдирган фонд раиси.
Алламжоновнинг сўзларига кўра, бу вазиятда энг маъқул йўл жамиятга кўзгу тутиб турган ОАВ ва блогерлар кўтариб чиқаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш орқали вазиятни йўлга солишдир.
“Бунда журналист ва блогерларни душман билмасдан, уларни дўстдек қабул қилишга кўникишимиз керак. Дўстларнинг Telegram аккаунтлари эса “взлом” қилинмайди”, деб сўзини якунлаган Комил Алламжонов.