Алиевнинг партияси парламент сайловларида ғалаба қозоняпти (видео)
Олам
−
02 Сентябрь
2356Кеча, 1 сентябрь куни муддатидан олдин ўтказилган сайловларда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг “Янги Озарбайжон” партияси ғалаба қозониб, мамлакат парламентидаги 125 ўриндан 63 тасини қўлга киритиши мумкин. Бу ҳақда Oracle Advisory Group томонидан Фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лигаси билан ҳамкорликда ўтказилган экзитпол натижаларида келтирилган.
Яна 40 га яқин ўрин мамлакат ҳукуматининг амалдаги йўналишини қўллаб-қувватловчи мустақил номзодларга берилади. Улар орасида Озарбайжоннинг Россиядаги элчиси Пўлат Булбул ўғли ҳам бор. У Қорабоғдаги сайлов округларидан бирига номзодини қўйган. Қолган ўринлар Озарбайжон ҳукуматига содиқ қолган партиялар томонидан ўзаро тақсимланади.
Тадқиқотчилар таъкидлашича, экзитпол Нахичеван Мухтор Республикасидаги олтита сайлов округини қамраб олмаган, у ерда, ТАСС агентлигининг ёзишича, “ҳукмрон партиянинг позицияси анъанавий тарзда кучли”. Шунинг учун унинг ҳақиқий натижаси бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Мухолифат мамлакатдаги сайловларни бойкот қилди
Озарбайжоннинг асосий мухолифат партияси Озарбайжон Халқ фронти партияси навбатдан ташқари парламент сайловларини бойкот қилишга қарор қилди. У ўз қарорини мавжуд шароитда уларда иштирок этиш маъносиз эканлиги билан изоҳлади.
“Агар сайловлар ҳеч бўлмаганда қисман шаффоф бўлганида, биз қатнашиб, ғалаба қозонган бўлардик, аммо бу ерда 1 фоиз бўлса-да шаффофлик йўқ. Бундай ҳолатда нега биз бу сайловларда қатнашишимиз керак?”, дея ўз позициясини тушунтирган мухолифат партия раисининг маслаҳатчиси Мамед Иброҳим.
Бойкотга Озарбайжон Демократик кучлари миллий кенгаши коалицияси ҳам қўшилди. Улар ўз баёнотида сайловларни “арзон фарс” деб атаб, унда иштирок этиш миллий манфаатлар нуқтаи назаридан кераксиз ва зарарли эканини билдирди. Кампанияда мухолифатдаги “Мусават” партияси иштирок этди. Бироқ экзитполлар натижаларига кўра, у Озарбайжон парламентининг янги чақириғида бирорта ҳам ўринга эга бўлмайди.
Бундан ташқари, Озарбайжонда навбатдан ташқари парламент сайловлари Европа кенгаши парламент ассамблеяси кузатувчиларининг иштирокисиз ўтказилди.
LiveБарчаси