Алиевнинг партияси Озарбайжон парламентида 68 ўринга эга бўлди
Олам
−
02 Сентябрь
2992Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бошчилигидаги “Янги Озарбайжон” ҳукмрон партияси 1 сентябрда муддатидан олдин бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, республика Миллий Мажлисидаги (бир палатали парламент) 125 ўриндан 68 тасини қўлга киритди. Бу ҳақда 100 фоиз сайлов участкаларидан олинган бюллетенлар санаб чиқилгандан сўнг мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.
10 та мухолифат партияси жами 11 ўринни қўлга киритди. Олдинги парламентда саккизта мухолифат партияси вакиллик қилган. Яна 46 ўринни мустақил номзод сифатида қатнашган номзодлар қўлга киритди.
МСК маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 37,24 фоизи овоз беришда қатнашган. Озарбайжонда сайловчилар сонидан қатъи назар сайловлар ўтган деб тан олинади. МСК томонидан эълон қилинган маълумотлар дастлабки ҳисобланади. Марказий сайлов комиссияси якуний натижаларни 20 кун ичида якунлаши ва баённомани тасдиқлаш учун Конституциявий судга тақдим этиши керак, у 10 кун ичида ўз ҳукмини чиқаради.
Кеча, 1 сентябрь куни Озарбайжонда Миллий Мажлисга навбатдан ташқари сайловлар бўлиб ўтди. Парламентдаги 125 ўрин учун 990 нафар номзод кураш олиб борди, улардан 305 нафари сиёсий партиялардан, қолганлари мустақил номзодлар эди. Сайловлар мажоритар тизим бўйича ўтказилади. Мамлакатда рўйхатга олинган 26 та сиёсий партиядан 25 таси ўз номзодини кўрсатди.
Мухолифат мамлакатдаги сайловларни бойкот қилди
Озарбайжоннинг асосий мухолифат партияси Озарбайжон Халқ фронти партияси навбатдан ташқари парламент сайловларини бойкот қилишга қарор қилди. У ўз қарорини мавжуд шароитда уларда иштирок этиш маъносиз эканлиги билан изоҳлади.
“Агар сайловлар ҳеч бўлмаганда қисман шаффоф бўлганида, биз қатнашиб, ғалаба қозонган бўлардик, аммо бу ерда 1 фоиз бўлса-да шаффофлик йўқ. Бундай ҳолатда нега биз бу сайловларда қатнашишимиз керак?”, дея ўз позициясини тушунтирган мухолифат партия раисининг маслаҳатчиси Мамед Иброҳим.
Бойкотга Озарбайжон Демократик кучлари миллий кенгаши коалицияси ҳам қўшилди. Улар ўз баёнотида сайловларни “арзон фарс” деб атаб, унда иштирок этиш миллий манфаатлар нуқтаи назаридан кераксиз ва зарарли эканини билдирди. Кампанияда мухолифатдаги “Мусават” партияси иштирок этди. Бироқ экзитполлар натижаларига кўра, у Озарбайжон парламентининг янги чақириғида бирорта ҳам ўринга эга бўлмайди.
Бундан ташқари, Озарбайжонда навбатдан ташқари парламент сайловлари Европа кенгаши парламент ассамблеяси кузатувчиларининг иштирокисиз ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Oracle Advisory Group томонидан Фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лигаси билан ҳамкорликда ўтказилган экзитпол натижалари “Янги Озарбайжон” партияси ғалаба қозониб, мамлакат парламентидаги 125 ўриндан 63 тасини қўлга киритиши мумкинлигини кўрсатганди.
LiveБарчаси