Алиев отаси қўйган МБ раисини 27 йил деганда ишдан олди
Олам
−
11 Апрель 2022
16324Озарбайжон Республикаси Марказий банки раиси Элман Рустамов 27 йил деганда лавозимидан озод этилди. Президент Илҳом Алиев мамлакат Миллий Мажлисига Элман Рустамовни Марказий банк бошқарув кенгаши аъзолигидан озод этиш таклифини киритди. Бу ҳақда бугун, 11 апрель куни парламент матбуот хизмати хабар берди.
“Бугун Миллий Мажлиснинг Иқтисодий сиёсат, саноат ва тадбиркорлик қўмитаси йиғилишида Озарбайжон Президентининг Элман Рустамовни Марказий банк бошқарув кенгаши аъзолигидан озод қилиш ва Толеҳ Казимовни МБ бошқарув кенгаши аъзолигига тайинлаш тўғрисидаги тақдимномаси кўриб чиқилди”, дейилади парламент хабарида.
Қонун чиқарувчи орган берган маълумотга кўра, Рустамовни Марказий банк бошқарув кенгаши аъзолигидан озод қилиш ва Казимовни лавозимга тайинлаш масаласи эртага, 12 апрель куни парламент ялпи мажлисида кўриб чиқилади. Ва постсовет мамлакатларидаги катта эҳтимолга кўра, депутатлар Президент таклифини бир овоздан маъқуллайди.
69 ёшли Рустамов 1995 йилдан буён Озарбайжон Марказий банки бошқарув кенгаши аъзоси ва раиси бўлиб ишлаб келмоқда. Бошқарув кенгаши аъзосининг лавозимидан озод этилиши Марказий банк раиси лавозимини тарк этишини ҳам назарда тутади.
38 ёшли Казимов ҳозирда Озарбайжоннинг энг йирик хусусий банкларидан бири – Pasha Bank бош ижрочи директори ва раиси ҳисобланади. Маълумотларга кўра, мазкур банк Президент Илҳом Алиевнинг оиласи, янада тўғрироғи рафиқаси, мамлакат биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева (Пашаева)нинг яқин қариндошларига тегишли.
Озарбайжон Конституциясига кўра, мамлакат парламенти Президентнинг таклифига биноан Марказий банк бошқаруви аъзоларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Ўз навбатида, Президент Марказий банк раисини бошқарув аъзолари орасидан тайинлайди.
Элман Рустамовни Марказий банк раиси лавозимига амалдаги давлат раҳбарининг отаси, 1993-2003 йилларда мамлакатни бошқарган Ҳайдар Алиев тайинлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь