Алиев Остонада муҳим хабарни эълон қилди
Олам
−
21 Октябрь 37039 2 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистонга юк транзити бўйича барча чекловлар бекор қилинганини эълон қилди. Бу ҳақда у бугун, 21 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остонадаги матбуот анжуманида сўз очди.
Алиевнинг айтишича, бу қарор Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчликнинг “фақат қоғозда эмас, амалда ҳам” амалга ошаётганининг муҳим белгиси ҳисобланади.
“Озарбайжон Арманистонга юк транзитига қўйилган барча чекловларни олиб ташлади. Биринчи транзит юк бу – Қозоғистон буғдойининг Арманистонга етказилиши бўлди. Менимча, бу Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчликнинг нафақат сўзда, балки амалда ҳам мавжудлигининг яхши мисоли”, дейди Озарбайжон Президенти.
Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги фаол ҳамкорлик муҳим геосиёсий аҳамиятга эга.
“Бугунги кунда янги транспорт йўллари очилаётгани, Евроосиё минтақаларини боғловчи лойиҳалар амалга оширилаётгани, Кавказ ва Марказий Осиё тобора чамбарчас боғланиб, кўпинча ягона географик макон сифатида фаолият юритаётгани – буларнинг барчаси доимий эътибор ва албатта, давлат раҳбарларининг иштирокини талаб қилади”, дейди Алиев.
Маълумот учун, Илҳом Алиев ҳозирда Қозоғистонга давлат ташрифи билан борган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп иштирокида Вашингтонда Арманистон ва Озарбайжон етакчилари уч томонлама декларацияга имзо чеккан эди. Ушбу ҳужжат томонларни тинчлик шартномасини имзолаш ва ратификация қилишга интилиш мажбуриятини юклайди.
Live
Барчаси