Алиев Байденнинг арман воқеаларини “геноцид” деб атаганига жавоб қайтарди
Олам
−
29 Апрель 2021
6743Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев АҚШ Президенти Жо Байденнинг 1915 йилдаги арманлар билан боғлиқ воқеаларни “геноцид” деб аташидан хавотир билдирди.
Озарбайжон Президенти Матбуот хизматининг хабар қилишича, Алиев АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали суҳбат чоғида тегишли баёнот билан чиққан.
Шунингдек, улар Озарбайжон томонидан амалга оширилаётган энергетика лойиҳалари, Қорабоғдаги воқеалар, шунингдек, ЕХҲТ Минск гуруҳининг кейинги фаолиятини муҳокама қилган.
“Туркия Озарбайжоннинг яқин дўсти ва иттифоқдошидир. Ушбу мамлакат минтақадаги урушдан кейинги даврда жуда муҳим ва ижобий роль ўйнайди. Байденнинг сўзлари Озарбайжон раҳбарияти ва жамоатчилигини ташвишга солиб қўйди”, дейди давлат раҳбари.
Энтони Блинкен “Озодликни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Қонунга киритилган 907-тузатиш бу йил ҳам вақтинча тўхтатилганини таъкидлаган. Президент Илҳом Алиев бу борада миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден XX аср бошида Усмонли империясида юз берган хунрезликни арман геноциди деб тан олганди.
Кейинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли расмий Анқара бу баёнотни рад этишини маълум қилди. Американинг Туркиядаги элчиси ТИВга чақиртирилиб, унга норозилик билдирилди.
Шунингдек, АҚШнинг Туркиядаги элихона ва консулхонаси эҳтимолий норозиликлар сабаб фаолиятини вақтинча тўхтатди.
Воқеа тан олинишидан аввал Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси Ҳикмет Ҳожиев АҚШни арман геноциди бўйича тарихий хатога йўл қўймасликка чақирганди.
LiveБарчаси