Алиев Арманистон билан тинчлик шартномаси имзолаш шартини айтди
Олам
−
14 Февраль 2022
5839Озарбайжон ва Арманистон тинчлик шартномаси имзолаши керак ҳамда томонлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олиши муҳим. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ағдамдаги масжидни реставрация қилиш ишлари билан танишиш давомида айтиб ўтган.
“Албатта, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик келишуви бўлиши керак. Бу шартнома халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойиллари асосида мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш шарти билан имзоланиши керак”, деган Алиев Ағдам вилоятига ташрифи чоғида.
Шу билан бирга, давлат раҳбари “Озарбайжон халқи ва бошқа ҳеч ким арманлар томонидан содир этилган ваҳшийликларни ҳеч қачон унутмаслиги керак”, деб таъкидлаган.
Республика раҳбари тинчлик шартномасини тузишда Озарбайжон ва Арманистон ўзларининг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олишлари кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, Озарбайжон армиясининг кучайиши бунга ҳисса қўшиши керак.
“Аминманки, олиб борилаётган ишлар, жумладан, армия қурилиши масаласи Озарбайжонни мустаҳкамлайди. Мамлакат эса бугун Арманистонда бош кўтараётган реваншист кучларга жавоб бера олади”, деган Алиев.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси