Алишер Усмонов Ўзбекистондаги корхонанинг “МегаФон”га тегишли акцияларини сотиб олди
Жамият
−
23 Февраль 2023
12065Россиянинг “МегаФон” компанияси Алишер Усмоновга тегишли USM Telecom компаниясига Digital Holding’даги ўз улушини сотди. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.
Қайд этилишича, Digital Holding 2021 йил февраль ойида USM Telecom, “МегаФон” ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган. “МегаФон” акцияларини ҳам сотиб олган USM Telecom эндиликда қўшма корхонанинг 51 % улушини қўлга киритган. Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги эса компаниянинг 49 % акцияларини ўзида сақлаб қолган. Таҳлилчилар акциялар савдоси билан Алишер Усмонов ўзининг тарихий ватани билан бизнес алоқаларини мустаҳкамлашда давом этаётганини такидлаган.
Қўшма корхона шакллантирилаётганда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Digital Holding’нинг асосий вазифалари тасдиқланган. Улар орасида электрон тижорат секторини ривожлантириш, янги телекоммуникация инфратузилмасини барпо этиш, маҳсулотларни маркалаш тизимини яратишда иштирок этиш, рақамли бозорни жорий этиш, молиявий тўлов тизимини яратиш бўлган. “МегаФон” ушбу давр учун белгиланган барча мажбуриятлари ва вазифаларини бажарганини маълум қилган.
“Охирги икки йил ичида “МегаФон” иштирокида ҳолдингни шакллантириш тўлиқ якунланди, бир қатор йирик лойиҳалар ишга туширилди. Биз барча ҳамкорликни сақлаб қоламиз ва Digital Holding билан ишлашда давом этамиз. Битим “МегаФон” активларини қайта қуриш доирасида амалга оширилди”, дейилади “МегаФон” баёнотида.
Шунингдек, Ўзбекистондаги йирик коммуникация компанияларидан бири бўлган Coscom ҳам “МегаФон” билан қўшма лойиҳалар амалга ошираётгани, оператор Ucell’нинг стратегик ҳамкори бўлиб қолиши ва Digital Holding акциялари улушидаги ўзгаришлар икки компания ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг интенсивлиги ва сифатига таъсир қилмаслигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Алишер Усмонов Ўзбекистонга келгани ва унга фойдаси тегиши учун бор имкониятларини ишга солишини айтганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси